s
USD: Rub: Eur:
2023-03-31 995

Меҳнат кодексининг янги таҳририда интизомий ва моддий жавобгарликка оид қоидаларда қандай ўзгаришлар бўлади?

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ҳажми жиҳатидан ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи меъёрлари бўйича ҳам ҳозирда амалда бўлган Кодексдан фарқ қилади.

Тузилмавий жиҳатдан янги Кодекс икки қисмдан Умумий қисм ва Махсус қисмдан иборат ва ҳаммаси бўлиб 581 та моддани бирлаштирган 34 та бобни ўз ичига олган.

Шу ўринда меҳнат кодексининг янги таҳририда интизомий ва моддий жавобгарликда қандай ўзгаришлар бўлганлиги ҳақида қисқача тўхталсак.

Интизомий жавобгарлик нуқтаи назаридан, бир нечта асосий ўзгаришлар ҳақида гапириш мумкин.

Биринчидан, умумий ва махсус интизомий жавобгарлик атамалари киритилди.

Умумий интизомий жавобгарлик Меҳнат кодекси ва корхонанинг меҳнат тартиб қоидалари билан тартибга солинади. Бу ходимга Меҳнат кодексида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан бирини қўллашдан иборат ва барча ходимларга нисбатан қўлланилади, махсус интизомий жавобгарлик белгиланган ходимлар бундан мустасно.

Махсус интизомий жавобгарлик қонун ҳужжатларида, шунингдек интизом тўғрисидаги устав ва низомларда фақат айрим тоифадаги ходимлар учун назарда тутилган жавобгарлик бўлиб, ходимга тегишли қонун, устав ва интизом тўғрисидаги низомда назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллашдан иборат.

Иккинчидан, хизмат текшируви ўтказиш тартиби ўрнатилган.

Учинчидан, ходимнинг интизомий жавобгарликка тортилгандаги кафолатлари кучайтирилган. Ножўя хатти-ҳаракатни айнан шу ходим содир этгани доим ҳам шак-шубҳасиз бўлмайди. Масалан, ташкилот раҳбари бу ҳақда ОАВдаги хабарлардан, бошқа ходимларнинг мурожаатларидан, фуқароларнинг аризаларидан ва ҳоказолардан билиши мумкин. Агар иш берувчи бундай ахборотнинг ишончлилигига шубҳа қилса, у хизмат текширувини ўтказиши мумкин. Янги Меҳнат кодексида хизмат текшируви комиссиясини тузиш тартиби, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, ички текширув ўтказиш муддати белгиланган, у 15 кунни ташкил этади. Ходимнинг ички текширув вақтидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам тартибга солинади. Ходим ҳам, ички текширувни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Тўртинчидан, интизомий жазони қўллаш ҳақида буйруқ билан таништириш муддати белгиланди. Энди иш берувчи ходимни интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ билан у чиқарилган кундан бошлаб уч иш куни ичида асосларни кўрсатган ҳолда имзо чектириб таништириши шарт. Ходимнинг ишда бўлмаган вақти бу муддатга киритилмайди.

Бундан ташқари, иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатиладиган ҳолатлар аниқлаштирилди. Ходимга тўланиши керак бўлган иш ҳақи ва бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгиланган.

Ходимга етказилган маънавий зарарни қоплаш тўғрисида алоҳида модда киритилган. Ходим иш берувчи олдида тўлиқ моддий жавобгарликка эга бўладиган иккита ҳолат қўшилди: 1) иш берувчига зарар маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган бўлиб, буни тегишли давлат органи аниқласа; 2) ходим иш вақтидан ташқари пайтда иш берувчининг мулкига зарар етказиши.

Раҳбар ва бош бухгалтер билан меҳнат шартномасига тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шарт киритиш мумкин.

Меҳнат кодексига ходимни ўқитиш билан боғлиқ иш берувчининг харажатларини қоплашга бағишланган модда киритилди. Энди ходим билан меҳнат шартномаси унда кўрсатилган муддатдан ёки иш берувчининг маблағлари ҳисобидан ўқитиш ҳақидаги келишувда белгиланган муддатдан илгари узрли сабабларсиз бекор қилинса, ходим иш берувчининг уни ўқитишга қилган харажатларини қоплаши шарт бўлади. Харажатлар ўқиш тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлаб берилмаган вақтга мутаносиб ҳисоблаб чиқилади.

Бир сўз билан айтганда, Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 

Анвар Рахимов,

Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Мавзуга оид