s
USD: Rub: Eur:
2021-04-21 579

Иқлим ўзгариши: журналистларнинг роли қандай?

2021 йил 14 апрель куни Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги музейнинг конференц-залида ОАВда атроф-муҳит ва иқлим мавзусини ёритувчи ҳудудий журналистлар ва блогерлар иштирокида “Иқлим ўзгариши – глобал ҳалокатми ёки янги ривожланиш парадигмаси?” мавзусида Café Scientifique форматидаги учрашув ўтказилди.

Баҳс-мунозара арафасида БМТТД эксперти Лилия Завьялова глобал иқлим ўзгаришининг асосий сабаблари ва унинг одамлар ҳаётига ижтимоий-иқтисодий таъсири ҳақида, шунингдек Ўзбекистон делегациясининг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси Томонларининг 26-конференциясида (COP-26) бўлиб ўтадиган музокараларга кўраётган тайёргарлиги тўғрисида гапириб берди. Ушбу конференция 2021 йил ноябрь ойида Глазгода (Буюк Британия) бўлиб ўтади. Айтиш жоизки, унинг ўтказилиши глобал исишга нисбатан кўриладиган чора-тадбирлар бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.

Лилия Васильевна ўз нутқида иқлим ўзгариши бўйича ўтказиладиган музокараларнинг илмий ва сиёсий мазмуни, мамлакатлар томонидан Киото протоколи, Париж келишуви ва иқлим муаммолари бўйича бошқа халқаро ҳужжатлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиш шартлари ҳақида сўз юритди.

Журналистлар ва экспертлар лойиҳа иштирокчилари ва журналистлар, шу жумладан ўз материалларида иқлим ўзгариши муаммоларини кўтарадиган журналистлар ўртасидаги алоқаларнинг самарадорлигини ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

"Журналистлар кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Фуқаролик жамиятининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга жалб этилганлик даражаси уларнинг касбий маҳоратига, журналистик материалларнинг сифатига, тақдим этиладиган ахборотнинг долзарблиги, ҳаққонийлигига боғлиқ", - дейди Ўзбекистон Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг директори Саида Сулаймонова.

 

Тадбир БМТТД, Ҳамдўстлик ва ривожланиш ишлари (FCDO) бўйича Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ҳамкорликдаги “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлиги бўйича сиёсий чоралар”  минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ушбу лойиҳа иқлим ўзгаришига қарши курашишда фаолроқ ва изчилроқ ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш орқали Марказий Осиёда иқлим хавфсизлигини таъминлаш бўйича стратегик чораларни кучайтиришга йўналтирилган.

Мавзуга оид