s
Президентнинг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги фармонида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш бўйича қатор устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Жумладан, ички ишлар органлари фаолиятига рақамли ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда Хоразм вилоятида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни судларда онлайн тартибда кўриб чиқиш амалиёти тест режимида йўлга қўйилди.
Бунда ишга алоқадор томонлар профилактика инспекторининг маҳаллада жойлашган хизмат хонасидан туриб судда онлайн иштирок этмоқда. Бу фуқароларнинг ортиқча сарф-харажати ва сарсон бўлишининг олдини олиши билан биргаликда, профилактика инспекторининг кун давомида хизмат ҳудуди ҳисобланган маҳаллада бўлишини таъминламоқда.
Хоразм вилоятида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни онлайн тартибда кўриб чиқиш амалиёти қисқа муддатда барча туманларда тўлиқ йўлга қўйилади. Бунинг учун профилактика инспекторлари хизмат хоналарини техник жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилган.