s
Табиат инсонга ато этган энг улуғ неъматлардан бири она замин “Ер” бўлиб, у ҳар бир мамлакатнинг миллий бойлиги ва ишлаб чиқаришни юритишнинг асосий негизидир. Инсониятни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминловчи асосий манбаидир. Демак ерни бузилишдан, ифлосланишдан, талон-тарож қилишдан муҳофаза қилиш ҳар бир давлатда қонун билан ҳимояланади. Ўзбекистон Республикаси “Ер Кодекси” да ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ерга бўлган мулкчилик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари, ер участкаси ижараси, ер участкаларидан иморат қуриш учун фойдаланиш тартиби, ер учун ҳақ тўлаш, ер участкаларини бериш ва давлат рўйхатига олиш тартиби, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ҳоллари ва унга бўлган кафолатларни ер заҳиралари тоифалари, ер тузишнинг вазифаларига ҳам эътибор берилган.
Ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик ёки уларни яроқсиз ҳолга туширганлик учун кўриладиган маъмурий жавобгарлик?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-моддасида, Ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, объектлар қуриш пайтида унумдор қатламни олмаслик, ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига номувофиқ фойдаланиш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ҳосилдорлик пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектаргача майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектардан ортиқ майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантириш —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 66-моддасида, Ер бериш тартибини бузиш, худди шунингдек фермер ёки деҳқон хўжалиги юритиш учун, якка тартибда уй-жой қуриш ва турар-жой биносига хизмат кўрсатиш, жамоа боғдорчилиги ва полизчилиги учун фуқароларга ер берилишига тўсқинлик қилиш, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 67-моддасида, Вақтинча эгаллаб турилган ер участкаларини ўз вақтида қайтариб бермаслик ёки уларни рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш юзасидан мажбуриятларни бажармаслик, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 68-моддасида, Тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Зафар Мадрахимов
Жиноят ишлари бўйича
Урганч туман судининг тергов судьяси