s
USD: Rub: Eur:
2025-09-29 234

Чет эл компанияси Ўзбекистондаги кўчмас мулк учун хизмат кўрсатса солиқ оқибатлари қандай?

Агар чет элда рўйхатдан ўтган компания (норезидент) Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган компанияга (резидентга) Ўзбекистон ҳудудида жойлашган кўчмас мулк бўйича лойиҳалаш хизматларини чет элда туриб амалга оширса, бундай ҳолатда қатор солиқ нормалари қўлланилади.

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича: Солиқ кодексининг 241-моддасига кўра, (https://lex.uz/docs/4674902) агар хизматлар тўғридан-тўғри Ўзбекистонда жойлашган кўчмас мол-мулк билан боғлиқ бўлса, уларни амалга ошириш жойи Ўзбекистон деб ҳисобланади. Шу боис, чет эл компаниясидан хизмат олган резидент корхона СКнинг 255-моддасига (https://lex.uz/docs/4674902) мувофиқ солиқ агенти ҳисобланади. У ҚҚС тўловчи ёки айланмадан солиқ тўловчи бўлишидан қатъий назар, ҳисобланган ҚҚСни давлат бюджетига ўтказиши шарт. Тўлов амалга оширилгани ҳақидаги ҳужжат ҚҚС тўловчиларга ушбу суммани ҳисобга олиш ҳуқуқини беради, айланмадан солиқ тўловчилар эса тўланган ҚҚСни ўз таннархига киритадилар. Демак, нафақат лойиҳалаш, балки Ўзбекистон ҳудуди хизмат кўрсатиш жойи ҳисобланадиган барча хизматларда ҚҚС бўйича солиқ мажбурияти вужудга келади.

Фойда солиғи бўйича: Лойиҳалаш хизматлари СКнинг 351-моддаси 18-банд 2-қисмига (https://lex.uz/docs/4674902) асосан Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилмаган ҳисобланади, шунинг учун бундай хизматлардан фойда солиғи тўлаш мажбурияти вужудга келмайди.

Масалан, агар Германиядаги компания Тошкентдаги бинога оид лойиҳа тайёрлаб берса, бунда резидент буюртмачи ҚҚСни ҳисоблаб бюджетга ўтказади, аммо чет эл компанияси Ўзбекистонда фойда солиғи тўламайди.                                                                                                  Xiva tuman YXKM bosh yuristkonsulti A.Abdusheripov

Мавзуга оид