s
USD: Rub: Eur:
2025-09-29 354

Дивиденд нима эканини биласизми? Келинг шу ҳақда батафсил гаплашамиз.

Дивиденд — бу компания ёки жамият ўз фаолиятидан олган соф фойдани унинг акциядорлари ёки иштирокчилари ўртасида тақсимлаганда уларга тўланадиган даромад ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 41-моддасига (https://lex.uz/docs/4674902) кўра, дивиденд фақат фойдани тақсимлаш шаклида эмас, балки унга тенглаштириладиган бошқа ҳолатларда ҳам юзага келиши мумкин. Масалан, агар юридик шахс ўз фойдасини (шу жумладан имтиёзли акциялар бўйича фоиз кўринишидаги даромадни ҳам) акциядорлари ёки иштирокчиларига тақсимласа, улар оладиган пул дивиденд ҳисобланади.

Шунингдек, юридик шахс тугатилганда акциядорга устав капиталидаги улушидан ортиқча берилган мол-мулк ёки пул маблағлари ҳам дивиденд сифатида қаралади. Масалан, иштирокчи уставда 100 миллион сўм улушга эга бўлиб, тугатишда унга 150 миллион сўм берилса, ортиқча 50 миллион сўм дивиденд ҳисобланади.

Бундан ташқари, жамиятдан чиқиб кетган иштирокчига унинг улуши бўйича ҳисоблаб берилган ҳақиқий қиймат, агар бу сумма устав капиталидаги улушидан ортиқ бўлмаса, ҳам дивиденд сифатида эътироф этилади.

Яна бир ҳолатда, агар юридик шахс ўз капитали ҳисобига устав капиталини оширса ва иштирокчи қўшимча акциялар ёки улуш қийматининг ошиши орқали даромад олса, бу даромад ҳам дивиденд ҳисобланади.

Қисқача айтганда, дивиденд — бу жамиятда улуш ёки акцияга эга шахсга у жамият фойдаси ёки активлари ҳисобига тақдим этиладиган пул ёки мол-мулк шаклидаги даромаддир. Бу даромадлар солиқ қонунчилигида дивиденд сифатида эътироф этилади ва белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Оддий қилиб айтганда, агар сиз жамиятда улушга эга бўлсангиз ва у жамият фойда қилиб, сизга улушингизга яраша пул ёки актив берса — бу дивиденд ҳисобланади.
Хива тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Д. Машарипов

Мавзуга оид