s
Агар корхонанинг ягона таъсисчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаси ҳисобланса, унга қатор солиқ имтиёзлари қўлланилади. Бу имтиёзлар бевосита Солиқ кодексида белгиланган қоидаларга асосланади.
Биринчидан, қўшилган қиймат солиғи масаласида. Солиқ кодексининг 243-моддасига (https://lex.uz/docs/4674902) кўра, бундай корхоналарнинг айланмаси ҚҚСдан озод қилинади.
Иккинчидан, фойда солиғи тўлаш тартиби ҳам енгиллаштирилган. Солиқ кодексининг 337-моддаси (https://lex.uz/docs/4674902) асосида, бу каби юридик шахслар фойда солиғини ноль ставкада тўлайди.
Учинчидан, мол-мулк солиғи бўйича ҳам тўлиқ имтиёз берилади. Солиқ кодексининг 414-моддасида (https://lex.uz/docs/4674902) бу очиқ-ойдин белгиланган.
Тўртинчидан, ер солиғи бўйича енгиллик мавжуд: 429-моддага (https://lex.uz/docs/4674902) асосан, улар эгалик қиладиган ер участкалари учун солиқ ставкаси 0,25 коэффициент билан ҳисобланади.
Бешинчидан, айланмадан олинадиган солиқ ҳам махсус тартибда белгиланган. Солиқ кодексининг 467-моддасига (https://lex.uz/docs/4674902) кўра, мазкур солиқнинг ставкаси ноль фоиз қилиб белгиланади.
Бироқ бу имтиёзлардан фойдаланиш учун қўшимча шартлар мавжуд:
➖ корхона ходимларининг камида ярми ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлиши лозим;
➖ уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий иш ҳақи фондининг камида 50 фоизини ташкил этиши керак.
Хива тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Д. Машарипов