s
USD: Rub: Eur:
2025-09-29 849

Атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш бурчимиздир

Глобал дунёда кузатилаётгани каби мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бу борадаги ҳолатни яхшилаш учун аввало халқимиз орасида илгаридан маълум бўлган экологик маданиятни тиклаш, фуқароларимиз, айниқса ёшларнинг экологик онг ва маданиятини юксалтиришимиз талаб этилади. Бинобарин, экологик муаммолар аввало инсоннинг табиатга кўрсатётган таъсирига бориб тақалади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик ҳуқуқлар ва бурчларимиз назарда тутилгани ҳам бежизга эмас. Асосий Қонунимизнинг 49-моддасида, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга экани,

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши,

Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши,

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши,

Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари сифатида белгиланган бўлса, 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканликлари барчамизнинг бурчимиз экани қайд қилинган.

Бу борадаги қонунчиликни бузиш эса маъмурий ёки жинояий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 4-бўлими “Экология соҳасидаги жиноятлар” деб номланган бўлиб, 193-204-моддаларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган.

Жумладан, Жиноят кодексининг 198-моддасида, экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Ушбу модданинг 1-қисмида, оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши,

Ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши,

Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши,

Етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги кўрсатилган.

Фуқароларимиз томонидан ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир қилиниши олдини олиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки мутасадди ташкилотларнинг, балки ҳар биримизнинг вазифамиз бўлмоғи даркор. Шу сабабли мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиатга зарар етказганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби қоидаларни тушунтириш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, табиатни муҳофаза қилиш нафақат Ватан олдидаги бурчимиз, балки инсониятнинг келажак авлод учун қолдириши мумкин бўлган ягона ва бебаҳо хазинасидир.

 

      М.Хасанов

      жиноят ишлари бўйича Урганч

      шаҳар суди раиси

 

Мавзуга оид