s
USD: Rub: Eur:
2025-09-29 442

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга бино иншоот қуришга рухсат беришда нималарга эътибор берилади?

 Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғорилмайдиган ерларда объект жойлаштириш жараёни аввалдан белгиланган ҳуқуқий талабларга асосланади. Аввало, ариза берувчида ер участкасидан фойдаланиш бўйича ижара ҳуқуқи мавжудлиги ва ер кадастри маълумотлари, жумладан, умумий майдони ҳамда суғориладиган ва суғорилмайдиган ерлар миқдори текширилади.

 Ички хўжалик ер тузиш лойиҳаларига кўра, енгил конструкцияли ва вақтинча қурилмаларни жойлаштириш масаласи туман ёки шаҳар ҳокимлари томонидан ҳал этилади. Капитал қурилиш объектлари эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тасдиғи билан амалга оширилади. Бу лойиҳалар давлат ер кадастрида қишлоқ хўжалиги ерларини қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ер сифатида ҳисобга олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 Чорвачилик йўналишида ижарага берилган ерларда, контур майдонининг бир фоизидан ошмаган қисми ёки бир гектардан кўп бўлмаган ҳудудида қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи объектлар — чорва молларини парваришлаш ва сақлаш омборлари, музлатгичли омборхоналар, сув тежовчи технологиялар, трансформатор станциялари, муқобил энергия иншоотлари ва бошқаларни жойлаштириш мумкин. Шу билан бирга, объект тури бир марта белгиланади ва кейинчалик ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.

 Жойлаштирилган объектлар алоҳида ер участкаси сифатида ажратилмайди ва сотилиши мумкин эмас. Улар фақат ер билан бирга, яъни ижара ҳуқуқи ва мажбуриятлари билан ўтказилиши мумкин. Бундай ерлар бошқа тоифага ўтказилмайди ва хусусийлаштирилмайди, балки қишлоқ хўжалиги ерлари сифатида сақланади.

 2026 йил 1 январдан бошлаб бу ерларга нисбатан ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерлари учун белгиланган тартибда ҳисобланади. Шунингдек, 2025 йил 3 февралдаги Президент Фармонига мувофиқ, “E-auksion” орқали аукционда ғолиб чиққан ижарачилар ердан рухсат этилган фойдаланиш турига мувофиқ деҳқончилик йўналишида фаолият юритиши мумкин. Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ихтисослиги ҳам ердан фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ аниқланади.
Хива тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Д. Машарипов

Мавзуга оид