s
USD: Rub: Eur:
2025-09-29 346

Меҳнат таътилида бўлган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми?

 

Бу ҳолат меҳнат шартномасининг қандай асосда бекор қилинаётганига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси бир қатор вазиятларда таътилда бўлган ходимни ишдан бўшатишга қатъий тақиқ қўяди.

Меҳнат кодексининг 163-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288) мувофиқ, агар ходим ҳозирда меҳнат шартномасида ёки қонунчиликда кўзда тутилган рухсат этилган таътилда бўлса (масалан, йиллик меҳнат таътили ёки бола парвариши таътили), у ҳолда иш берувчининг ташаббуси билан уни ишдан бўшатиш ман этилади.

 Аммо бундан истисно ҳолатлар мавжуд:

1. Ташкилот бутунлай тугатилса (тегишли орган қарори асосида),
2. Якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини якунлаган бўлса.

Бу ҳолларда иш берувчи ходим таътилда бўлса, ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Агар меҳнат шартномаси муддатли бўлиб, унинг амалдаги муддати таътил давомида тугаса, у ҳолда иш берувчи шартномани 158-модда (https://lex.uz/docs/6257288) асосида бекор қилиши мумкин. Бу ҳолат таътилнинг мавжудлигидан қатъи назар, қонунчиликка зид эмас.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 235-моддаси (https://lex.uz/docs/6257288) шуни белгилайдики, агар меҳнат шартномаси томонлар келишуви асосида бекор қилинаётган бўлса (ходимнинг айби билан эмас), фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътили бўйича таътил бериш ёки товон тўлаш масалалари жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси ёки корхона ички ҳужжатларида белгиланиши мумкин. Бунда ходимнинг ёзма аризаси асосида кейинчалик таътил берилиши ҳам кўзда тутилади.

Яъни ходим таътилда бўлган пайтда уни ишдан бўшатиш мумкинми, деган саволга жавоб вазиятга боғлиқ. Ташаббус иш берувчидан чиқаётган бўлса, бу ҳолат фақат истисно вазиятларгина қонуний ҳисобланади. Акс ҳолда, таътил ходимни ишдан бўшатишдан ҳимоя қилади.                                                                                                                                                                       Хива тумани aдлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Д. Машарипов

Мавзуга оид