s
USD: Rub: Eur:
2025-09-18 878

Табиат– қонун ҳимоясида

 

Инсоният тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаётган бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида глобал экологик муаммоларни ҳал этиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Сайёрамизда содир бўлаётган табиий офатлар — сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, чанг-бўронлар, сув сатҳининг кўтарилиши, озон қатламининг емирилиши, чучук сув манбалари камайиши ва иқлим ўзгаришлари инсоният экологик хавф остида турганини кўрсатиб турибди.

Бундай шароитда табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш нафақат ижтимоий, балки ҳуқуқий вазифа ҳамдир. Чунки атроф-муҳитга зарар етказиш қонун олдида жавобгарликни юзага келтиради.

Миллий қонунчилигимизда экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасида табиатни муҳофаза қилиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга келтириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жавобгарликни назарда тутади.

Ердан мақсадсиз фойдаланиш ёки тупроқ унумдорлигини пасайтирадиган ҳаракатлар содир этган шахсларга 7 баравардан 10 бараваргача БҲМ миқдорида жарима солинади. Мансабдор шахсларга эса 15–20 бараваргача БҲМ миқдорида жарима белгиланади.

Агар ерларнинг суғориладиган майдонларини яхшилаш ва муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаса, ер майдонига қараб жарима миқдори оширилади.

Ерларни чиқиндилар, кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлослантириш ҳам 10–20 бараваргача БҲМ миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида ушбу модда билан вилоятда 87 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга жарима жазолари қўлланилган. Бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар энг кўп содир этилган ҳудудлар:

- Боғот туманида 16 та,

- Янгибозор туманида 14 та,

- Тупроққалъа туманида 14 та,

- Ҳазорасп туманида 13 та,

- Гурлан туманида 10 тани ташкил этган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш учун ҳам жавобгарлик белгиланган.

Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса — қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси икки марта қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — эллик бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллардан ёки усуллардан фойдаланган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш (бундан электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаш ҳоллари мустасно), — шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Вилоятимизда бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар ҳам кўп учраётганлигини кўриш мумкин. Жумладан, 2024 йилда Хоразм вилоят судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси билан 23 та иш бўйича 30 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарларга жарима жазоси тайинланиб, улардан етказлган зарар учун жами 47 млн. 725 минг сўм ундирилган.

2025 йилнинг биринчи ярми давомида мазкур модда билан 7 та иш бўйича 12 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарларга жарима жазоси тайинланиб, улардан етказлган зарар учун жами 12 млн. 150 минг сўм ундирилган.

Хулоса қилиб айтганда юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиатни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ердан хўжасизларча фойдаланиш, табиатга зарар етказиш ёки ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш учун белгиланган жазолар шундан далолат беради. Табиат – умумий бойлигимиз. Уни муҳофаза қилиш эса ҳар бир фуқаро, ташкилот ва давлатнинг бурчи ҳамда масъулиятидир.

Маҳмуд Маҳмудов, Хоразм вилоят суди судьяси

Мавзуга оид