s
Хусусий корхоналар масаласида жуда кўп шундай саволлар билан мурожаат қилиб бизга ёзишади. Сабаби айни ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузиладиган жойлардан бири хусусий ташкилотларда.
У ерда ишловчи ходимларнинг меҳнат таътиллари, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ва уларга тўланадиган пуллар, меҳнатга қобилиятсизлик даври учун тўланадиган тўловлар масалаларида жиддий муаммолар бор.
Яна бир шундай муаммолардан бири - бу ходим ишдан бўшатилаётган вақтда у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаслик масаласи.
Меҳнат кодексининг 19-моддасига кўра, мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотлар иш берувчи сифатида иш юритиши мумкинлиги белгиланган. Яъни мазкур меҳнат кодекси мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барчага бирдек амал қилади ва унда ўрнатилган мажбуриятлар барча ташкилотларга тегишли, гарчи улар хусусий бўлса ҳам.
Меҳнат кодексининг 172-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) асосан Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак.
Ҳисоб-китоб ходимга:
охиригача олинмаган иш ҳақини;
ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни;
агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олишини белгиланган.
Яъни ходим ишдан бўшаётганда иш берувчи томонидан унга юқоридаги 3 турдаги пуллар тўлаб берилиши керак.
Бу пуллар қачон тўланиши керак?
Иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади.
Яъни ходим ишдан бўшаётганда хусусий ёки давлат корхонасида, корхонада ишлашидан қатъи назар юқорида келтирилган тўловлар тўланиши шарт.
Хива тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Д. Машарипов