s
Ходимни ишдан бўшатишда энг мустаҳкам ишдан бўшатиш МКнинг 157-моддаси (https://lex.uz/docs/6257288#6261538), яъни томонларнинг ўзаро келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш деб айтилади. Сабаби бу тарзда меҳнат шартномаси бекор қилинганда, иш берувчи томонидан хатоликларга йўл қўйилмаса, ходимнинг ишга тикланиши қийин бўлади.
Иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини МКнинг 157-моддаси (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) билан бекор қилинганда нималарга эътибор қаратиш керак?
I. Ёзма келишув тузишни унутманг.
МКнинг 157-моддаси (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) талабларига кўра, меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт. (Тарафларнинг реквизитлари учун МКнинг 107-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538)қаранг)
Иш берувчилар томонидан биринчи навбатда қилинадиган хатолардан бири айни шу қоидага риоя қилмаслик. Ёзма келишув қоидасига риоя қилмаслик ходимнинг суд орқали ишга тикланишининг асосий сабабларидан бири бўлади.
II. Ходимдан ариза талаб қилманг. Талаб қилсангиз ҳам мазмуни аниқ бўлсин.
МКнинг 157-моддаси (https://lex.uz/docs/6257288#6261538)билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда иш берувчилар ходимдан ариза ёздириб олишади ва бу аризанинг мазмуни
"мен билан ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишингизни сўрайман"- деган мазмунда бўлади.
Бу мутлақо нотўғри сабаби ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш МКнинг 161-моддаси (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) билан тартибга солинади. Агар бу ҳолатда иш берувчи ходимдан ариза ёздирса ҳам аризанинг мазмуни меҳнат шартномасини тарафлар келишувига кўра бекор қилинишини сўраши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, бундай ҳаракатлар иш берувчи билан меҳнат муносабатлари ходимнинг ташаббусига кўра, яъни МКнинг 160-моддас (https://lex.uz/docs/6257288#6261538)и бўйича бекор қилинган деб тан олиниши мумкин.
III. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга ҳужжатларни беришни унутманг.
МК 171-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538)кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт.
IV. Ходим билан тўлиқ ҳисоб-китобларни амалга оширинг.
Бу нима дегани? МК 172-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) кўра, иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади. Бунда сиз ходимнинг охиригача олинмаган иш ҳақини, ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни, агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлаб беришингиз лозим.
Юқоридаги талабларни амалга ошириш орқали сиз меҳнат шартномасини бекор қилишнинг тартибини тўғри ва қонуний амалга оширишингиз мумкин. Хива тумани Адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Д. Машарипов