s
Биз бугун жамиятимиз ва келажак авлодлар учун жуда муҳим бўлган мавзуда фикрлашайлик. Экология — бу нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни асраш, балки инсон саломатлиги ва умумий фаровонлигимизни сақлаш демакдир.
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Атроф-муҳит муҳофазаси ниҳоятда муҳим. Яшаш учун табиатни асрашимиз, табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорлик билан фойдаланишимиз зарур. Бугунги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли буткул тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган. Аҳоли сони ошиб бориши ҳам табиат ресурсларини камайиб боришига сабаб бўлмоқда.
Яшаш учун кураш баҳонасида инсоният нафақат табиий иқлимга ҳам ўз таъсирини ўтказа оладиган кучга эга бўлди. Бироқ, табиатга зўрлик қилишга табиат ҳам тегишли жавоб қайтармоқда. Инсоният учун ноқулай бўлган глобал муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган иқлим ўзгаришларининг асосий айбдори инсоннинг ўзидир.
Табиатда, ўз-ўзини тозалаш, тиклаш, янгилашдек ажойиб қонуният амал қилади. Лекин асрлар давомида бузилмай келган бу мувозанат инсоният табиат устидан устунлик ўрнатган 20-асрдан бошлаб бузилди.
Охирги 150 йилда планетамиздаги ҳароратнинг ўртача 1,5 даражага кўтарилиши доимий музликлар қисқариши, умумий сув сатҳининг кўтарилиши, чўлланиш жараёни кучайиши каби глобал муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бунга асосий сабаб сифатида саноат корхоналаридан ҳамда транспорт воситаларидан атмосферага чиқарилётган турли газлар ва бошқа чиқиндилар миқдорининг ошиши натижасида озон қобиғининг емирилиши, буғхона эффектининг шаклланиши ва бошқа омиллар кўрсатилмоқда. Мазкур экологик муаммо Ер планетасининг барча минтақалари учун хос муаммодир. Демак, уни бартараф этишда барча мамлакатлар ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиши зарур.
Ҳозирги кунда атроф-муҳитдаги ифлосланиш, ўрмонларнинг камайиши, сув ресурсларининг қисқариши каби муаммолар жуда жиддий аҳамият касб этмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар биримиз ўз жавобгарлигимизни англаб, фаоллик кўрсатишимиз зарур.
Табиатни муҳофаза қилиш учун чанг ва сув ифлосланишини камайтириш, қайта ишлаш ва ташланғоқларни тўғри бошқариш, ўрмонларни асраш ва кўпайтириш, табиий ресурсларни тежамкорлик билан ишлатиш чораларни амалга оширишимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193, 194, 195, 196, 197, 1971, 198, 199, 200, 201, 202, 2021, 203, 204-моддаларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 65, 66, 67, 68, 681, 682, 69, 70, 701, 702, 71, 72, 74, 75, 76, 77, 78, 79, 791, 80, 81, 82, 83, 84, 85, 851, 86, 861, 87, 88, 89, 891, 90, 901, 91, 911, 912, 913, 92, 921, 93, 94, 95, 96-моддаларида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликлар белгиланган.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилиб, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлиги кучайтирилган.
Шунингдек, экологик масалаларни ҳал этишда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Таъкидлаш керакки, бу йўналишда аҳолининг экологик маданиятини ошириш керак. Экологик тарбияни амалда бажарилиши зарур. Бу эса тизимли чора-тадбирлар, мунтазам тарғибот тадбирлари орқали амалга ошади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш — бу нафақат давлат ёки ташкилотларнинг, балки ҳар бир инсоннинг бурчи. Биз келажак авлодларга соғлом ва гўзал табиатни қолдиришимиз керак.
Экологияни сақлаш бизнинг қўлимизда.
Хоразм вилоят маъмурий суди судьяси
Чориев Дилшод Шавкатович