s
USD: Rub: Eur:
2025-09-29 734

Ташкилотлар иш ҳақи қисман сақланадиган таътиллилар масаласини жамоа шартномасига киритишлари керак.

Кеча бир фуқаро билан мулоқотда айни шу масалага дуч келдим. Иш берувчи рози, ходим рози, корхона кадрлар бўлими бошлиғи жамоа шартномасида бу тартиб бўлмагани сабабли ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил беришни рад қилибди.

Гарчи бу ҳолатда корхона кадрлар бўлими бошлиғининг фикри нотўғри бўлса-да иш берувчи кадровик ёки ҳуқуқшунос бўлмагани сабабли кадрнинг гапига кўпроқ қулоқ солади, натижада қонунан берилиши мумкин бўлган таътил берилмай қолади.

Меҳнат кодексининг 240-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) асосан жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти назарда тутилиши ва бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп давомийлиги белгиланиши мумкин. 

Яъни жамоа шартномаларида иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериши шарт бўлган ҳолатлар, уларнинг давомийлиги ва тўланадиган иш ҳақи миқдорлари белгиланиши лозим деб ҳисоблаймиз. Шунда мазкур норма МКсидаги қуруқ норма эмас, амалий аҳамиятга молик нормага айланади. 

Жамоа шартномасида қисман иш ҳақи сақланадиган таътилни бериш назарда тутилмаган бўлса, қандай қилиб таътилни расмийлаштириш мумкин?

МКнинг 240-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) эътибор берган бўлсангиз, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда иш ҳақи қисман сақланадиган таътиллар берилиши назарда тутилган. Иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига киритилиши белгиланган (МК-12-м (https://lex.uz/docs/6257288#6261538))

Меҳнат кодексининг 18-моддасига (https://lex.uz/docs/6257288#6261538) асосан иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида муайян ходимга (ходимларга) ёки жамоага йўналтирилган ва бир марта қўлланилиш учун мўлжалланган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар — буйруқлар, фармойишлар, қарорлар қабул қилиши мумкин.

Яъни бундай ҳолатда иш берувчи якка тартибдаги алоҳида буйруқ чиқариш орқали ходимга қисман иш ҳақи сақланадиган таътил беришга ҳақли. унинг давомийлиги ва иш ҳақи миқдори жамоа шартномасида аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли иш берувчи ва ходим ўртасидаги ўзаро келишувга асосан белгиланади.
Хива тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Д. Машарипов

Мавзуга оид