s
Судьялар томонидан қонуний, адолатли ва асосли қарорлар қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, қонунийликни таъминлаш борасида, шу жумладан судьялар мустақиллигини, дахлсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, соҳани ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қонунлар, Президент қарор ва фармонлари қабул қилинди.
Жорий йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармонга асосан суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларни юритилишини босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш;
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш;
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун зарур техник инфратузилма яратиш;
Иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;
Рақамли суд концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш келгуси йиллардаги устувор мақсадлар этиб белгиланди.
Судлар фаолиятига “Рақамли суд” концепциясини жорий этиш доирасида:
Судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш;
Мурожаатларни судга электрон шаклда юбориш;
Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан, суд муҳокамаларида масофадан иштирок қилиши;
Тарафларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имкониятини яратиш;
Суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланиши ва тўланиши, шунингдек ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилиши;
Суд ишлари замонавий электрон технологиялардан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилиши;
Сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланилиши;
Суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Фармонга мувофиқ аҳоли ва суд ходимлари учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш мақсадида судлар учун янги бинолар қуриш, мавжудларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш белгиланди.
Фармон билан амалга оширилиши белгиланган барча чора-тадбирлар мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давомидир.
М.Хасанов
жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар суди раиси