s
Кўплаб ташкилотларда кузатиладиган ҳолат: ходим таътилга чиқади, лекин иш жараёнида кутилмаган вазият туғилиб, уни таътил тугамасидан олдин қайтариб чақиришга тўғри келади. Шунда эса табиий савол туғилади: олдиндан тўлаб қўйилган “таътил пули” нима бўлади?
Меҳнат қонунчилиги бу борада аниқ йўналиш кўрсатган. Меҳнат таътили вақтини белгилаш, унинг муддатидан аввал тўхтатилиши ва молиявий жиҳатлари Меҳнат кодекси ҳамда тегишли норматив ҳужжатларда ўз ифодасини топган.
Аввало, таътилдан олдин тўланган пул – бу ходимнинг таътилда бўладиган вақти учун ҳисобланган ўртача иш ҳақи. У олдиндан тўланади ва асосий мақсади – таътил пайтида ходимнинг даромадини таъминлаш.
Агар ходим ўз хоҳиши билан таътилдан аввал чақирилса, у ҳолда тўланган “таътил пули” тўлиқ ҳақиқий таътил учун тўланган ҳисобланмайди. Негаки, ходим амалий равишда таътилда бўлмаган – демак, у тўлов таътилга тўғри келмаган кунлар учун мўлжалланмаган бўлади.
Бу масала юзасидан Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус Йўриқнома ҳам бор. Унга кўра, агар ходим таътилдан чақирилса ва таътилнинг қолган қисми кейинги кунларга кўчирилса, олдиндан тўланган пул ушбу кунлар учун иш ҳақи ҳисобланади. Яъни, ишлаб берилган кунлар учун алоҳида маош берилмайди, чунки у пул аввалроқ таътил сифатида тўлаб бўлинган.
Масаланинг моҳияти шундаки, олдиндан тўланган таътил пули фақат ҳақиқий таътил учунгина қонуний маънога эга. Агар бу кунлар кейинчалик иш кунларига айланса, тўланган сумма иш ҳақи сифатида қайта ҳисобланади.
Яъни ходим таътилдан чақирилса, таътилнинг қолган қисми учун берилган пули унга кейинги иш кунлари учун ҳисобланган иш ҳақи сифатида қаралади. Бу ҳақда буйруқда аниқ қилиб кўрсатиб ўтиш лозим.
Xiva tumani adliya bo‘limi yuridik xizmat
ko‘rsatish markazi boshlig’i A.Hasanov