s
USD: Rub: Eur:
2026-02-19 991

Болаларни васийликка олиш тартиби

Вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Айрим ҳолларда бола ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлиши ёки турли сабабларга кўра улар томонидан тарбияланиш имкониятидан четда қолиши мумкин. Бундай вазиятларда болани ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларидан бири — васийлик институти ҳисобланади.

Амалдаги оилавий ва фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, васийлик 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан белгиланади. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларга эса ҳомийлик белгиланади. Мазкур институтнинг асосий мақсади — боланинг шахсий, мулкий ва бошқа қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.

Васийлик белгиланишига сабаб бўладиган ҳолатлар:

Болага нисбатан васийлик қуйидаги ҳолларда белгиланади:

  • ота-онасининг вафот этиши;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки чекланиши;
  • ота-онанинг муомалага лаёқатсиз деб топилиши;
  • ота-онанинг бедарак йўқолган деб эътироф этилиши;
  • бола қаровсиз ёки ташлаб кетилган бўлиши.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам қарор қабул қилишда боланинг манфаатлари устувор ҳисобланади. Яъни, васий тайинлаш масаласи аввало боланинг хавфсизлиги, тарбияси ва нормал ривожланишини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳал этилади.

Васийнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Васий боланинг тарбияси, соғлиғи, таълим олиши ва кундалик эҳтиёжларини таъминлашга масъулдир. У бола номидан зарур ҳуқуқий ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, боланинг мол-мулкини бошқаришда васийлик органининг назорати сақланади.

Васий ўз мажбуриятларини виждонан бажариши шарт. Агар у болага нисбатан лозим даражада ғамхўрлик қилмаса ёки қонун талабларини бузса, ваколатли орган ёки суд томонидан васийлик бекор қилиниши мумкин.

Васийликнинг тугатилиши:

Васийлик бола 14 ёшга тўлганда ҳомийликка ўтади. 18 ёшга тўлганда эса тугатилади. Шунингдек, бола асраб олинган тақдирда ёки ота-оналик ҳуқуқи тикланганда ҳам васийлик тугатилади.

Хулоса

Болаларни васийликка олиш тартиби аниқ ҳуқуқий қоидаларга асосланади. Ушбу жараённинг асосий мақсади — вояга етмаган шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Шу боис васий тайинлашда номзоднинг шахсий фазилатлари, яшаш шароити ва болани тарбиялаш имконияти ҳар томонлама баҳоланади. Энг муҳим тамойил эса — бола манфаатларининг устуворлигидир.

 

Элёр Рўзимов, Хоразм вилоят судининг судьяси

 

Мавзуга оид