s
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг
15 апрель куни “Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарорнинг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг қонунга риоя этган ҳолда фаолият юритишларини рағбатлантириш, тадбиркорлик соҳасини тартибга солишда ортиқча бюрократик тўсиқ ва эскирган тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назорати самарадорлигини ошириш ҳисобланади.
Бундан ташқари, қуйидагилар Қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
- тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллашга оид тартиб-таомилларни унификация қилиш орқали тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда назорат қилувчи органлар ва судларнинг бу борадаги ваколатларини аниқлаштириш;
- ҳуқуқбузарликлар натижасида юзага келган мажбуриятлар тадбиркорлик субъектлари томонидан ихтиёрий равишда бажарилишини рағбатлантириш орқали уларнинг харажатлар юкини 2 бараваргача қисқартириш учун шароит яратиш;
- тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш орқали қонунийликни таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш.
Молиявий жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш:
2026 йил 1 октябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:
а) ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектининг танловига кўра қуйидаги шакллардан бирида ихтиёрий ижро этилиши мумкин:
- ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан бошлаб бир ой муддатда жарима миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;
- қўлланган молиявий жарима суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш. Бунда тадбиркорлик субъекти молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб бир ой давомида жарима суммасининг олтидан бир қисми миқдоридаги дастлабки тўловни тўлаганда, молиявий жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда амал қилади;
б) ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар, шу жумладан, молиявий жарима ҳамда пеня йўналтирилган манбалар (тегишли бюджет ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва бошқалар) ҳисобидан 15 кун муддатда мутаносиб равишда қайтарилади ва белгиланган муддатда қайтарилмаган суммага нисбатан қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун Марказий банкнинг асосий ставкасининг уч юздан бирига тенг миқдорида фоиз тўланади.
Шунингдек, молиявий жарималарни қўллаш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш асосий мақсад қилиб олинди.
Жумладан, 2027 йил 1 январдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритиладиган “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган молиявий жарималарнинг электрон реестри жорий этилади. Бунда:
а) ваколатли органларнинг молиявий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари улар қабул қилинганидан сўнг уч иш кунида мажбурий тартибда ушбу электрон реестрга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда, мазкур жараён тўлиқ рақамлаштирилган ҳолларда эса бундай қарорлар ўзаро интеграциялашган ахборот тизимлари орқали автоматик равишда киритилади;
б) электрон реестрга киритилмаган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва улар асосида молиявий жарима ундирилмайди;
в) электрон реестрда тадбиркорлик субъекти томонидан содир этилган қилмишнинг такрорийлигига оид маълумотлар базаси юритилади ва хавфни бошқариш тизими ёрдамида таҳлил қилиб борилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил:
а) 2026 йил якунига қадар:
- Солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган молиявий жарималарнинг электрон реестрини ишга тушириши;
- Солиқ қўмитаси ва Марказий банк билан биргаликда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган молиявий жарималар ҳисобини юритиш, мониторинг қилиш ҳамда уларни солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали онлайн тўлаш имкониятини яратиши;
- Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ўзларининг ахборот тизимларини “Ягона давлат назорати” ахборот тизими доирасида интеграция қилиши белгиланди;
б) 2027 йил 1 апрелга қадар Солиқ қўмитаси, Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда солиқ тўловчи — тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети орқали ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарорлари устидан судга онлайн шикоят бериш имкониятини яратилади.
Бунда иш юритувга қабул қилинган шикоятлар бўйича қарорларнинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида суд томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар автоматик равишда хабардор қилинади.
Шу билан бирга, мазкур Қарор билан:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Адлия вазирлиги, Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик субъекти ва унинг раҳбари ёки ходимига нисбатан тегишинча молиявий жарима ва маъмурий жавобгарлик чорасини қўллаш амалиётини бартараф этиш юзасидан асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига;
Адлия вазирлиги:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Олий суд ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартибини унификация қилиш ва такомиллаштиришга қаратилган “Ҳуқуқий таъсир чоралари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.
Мазкур Қарор билан қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар келгусида тадбиркорларнинг юкини камайтиришга, уларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган ислоҳотлардан бири бўлди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши оқибатида юзага келган мажбуриятларни ихтиёрий равишда бажарилишини рағбатлантириш орқали уларнинг харажатлари икки бараваргача камайтирилади.
Баходир Давлатов, Хоразм вилоят суди раиси
ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси