s
Жорий йил 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида шахсан иштирок этиб, коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга тўхталдилар. Биз судьялар ҳамжамияти учун ҳам бугун долзарб ҳисобланган масалаларга эътибор қаратдилар.
Давлатимиз раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди.
“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”, - деди Президент.
Ҳақиқатдан бугун Давлатимизда судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос ва керакли шароитлар яратилган. Бунда судьялардан қатъият билан қарорлар қабул қилиш, қонунларни тўғри қўллаш ва адолатни таъминлаш талаб этилади.
Давлатимиз раҳбари соҳаларда коррупциявий омилларнинг олдини олишда давлат органлари томонидан фуқароларга кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Рақамлаштириш суд тизими учун ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, судга мурожаат қилувчи фуқароларга интерактив кўрсатиладиган хизматлар сонини кўпайтириш орқали енгиллик яратишда жуда муҳим вазифа ҳисобланади.
Бундан кўринадики, давлатимиздаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, адолатни таъминлаш орқали аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш аввало коррупциянинг олдини олишдан бошланади.
Асосий вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда адолатни қарор топтириш ҳисобланадиган масканда коррупцияга ўрин йўқ. Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.
Олий суд раҳбарияти ҳамда Хоразм вилоят суди томонидан ўтказилган тадбирларда коррупциянинг олдини олиш юзасидан Президентимиз томонидан белгилаб берилган масалалар барча судья ва ходимларга етказилди. Судьялар ҳамжамиятининг ҳар бир аъзоси бу долзарб вазифани чуқур англаб етиши учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Шу ўринда яна бир муҳим масала ойдинлашади, судлар нафақат жиноятга жазо тайинлаш, балки коррупциянинг сабабини ўрганиш ва уни келтириб чиқарган шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга муносабат билдириш бўйича таъсир чораларини кучайтириб, ишни кўрган судьялар ташкилотдаги муҳокамаларда шахсан қатнашиши зарур. Ўтган 2024 йил давомида Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан коррупция билан боғлиқ жами 148 нафар шахсга нисбатан 109 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 138 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган. Мазкур тоифадаги жиноят ишлари умумлаштирилиб, тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилган. Давлатимиз раҳбари томонидан йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларга қўйилган вазифалардан бири ҳам шу бўлди. Коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишда ҳар бир жиноятни чуқур таҳлил қилиш ва муҳокамаларда сабаб ҳамда оқибатини барчага етказиш зарурлиги таъкидланди.
Айни дамда биз судьялар фаолиятимиз давомида коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат сиёсатини ҳамда бу борада Президентимиз томонидан кўрсатилган муҳим жиҳатларни инобатга олиб бормоқдамиз. Коррупцияга қарши курашда барчамиз ҳамжиҳатликда ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, унга нисбатан “тоқатсизлик ҳиссини намоён эта олсак”гина натижа янада самарадор бўлади.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишда ҳам барчани ҳамжиҳатликка чақирди, бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши кераклигини таъкидлади. Бу иллатга қарши курашда ва бартараф этишда барча, жумладан судья ва суд ходимлар бирдек масъул эканлигини унутмаслик лозим.
Ш.Камолов, Хоразм вилоят суди раиси