s
Бугунги кунда йигит ва қиз ўзаро ихтиёрлиги ва тенг ҳуқуқлиги асосида турмуш қураётган бўлсалар-да, оилавий ажримлар, минг афсуски, учраб турибди.
Оилавий низоларни тааллуқлилик бўйича фуқаролик судлари кўриб чиқади. Биргина бир оиланинг арзимаган сабаблар билан ўзаро жанжаллашиши натижасида фуқаролик судларида бир неча тоифадаги фуқаролик ишларини кўрилишига сабаб бўлади. Эр-хотиннинг ўзаро ажрашиб кетиши натижасида фуқаролик судларида никоҳдан ажратиш, боланинг таъминоти учун алимент ундириш, ўзининг таъминоти учун алимент ундириш, умумий мулк деб топиш ва умумий мулкни бўлиш, уйга киритиш, уйдан кўчириш, уй-жойдан фойдаланиш ҳақуқини йўқотган деб топиш, болани ўз тарбиясига олиш, бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, сарф-ҳаражатларни ундириш ва бошқа тоифадаги фуқаролик ишлари кўрилиши мумкин.
Оилавий ажримдан, энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота-онасининг уйига ҳайдаб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига минг афсуски, эътибор қаратмаяпти. Янада ачинарлиси эса, у кўп ўтмай, шаръий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олмоқда.
Амалий мисол:
Даъвогар Худоёрова Гулнора (исм-шарифлар шартли) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Илёсов Зокиржон, Илёсов Файзуллага нисбатан турар жойга киритиш ва фойдаланиш тартибини белгилашни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2024 йил
15 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.
Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар З.Илёсов апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, унда бошқа аёл билан турмуш қурганлиги ҳамда низоли турар жойнинг 5-яшаш хонаси ва 8-долон фуқаро У.Собиров билан тузилган ижара шартномасига кўра, ижарага берилганлиги ҳолатлари даъвогарнинг низоли турар жойга кириб яшашига монелик қилишини кўрсатган бўлса-да, апелляция инстанцияси суди даъвогар Г.Худоёрова низоли турар жойнинг уй рўйхатида туришиниди, тарафларнинг никоҳи бекор қилинмаганлигини, шунингдек ижара шартномаси суд қарори қабул қилинганидан кейинтузилгангини инобатга олиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган ва бу билан даъвогар ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқларини тиклаган.
Яна бир мисол:
Даъвогар Худжаниязов Ядгар (исм-шарифлар шартли) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб,жавобгар Худжаниязова Нуриега нисбатан никоҳдан ажратишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2023 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.
Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар томонидан келтирилган кассация шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.
Ушбу фуқаролик иши биринчи инстанция судининг иш юритувида бўлган даврда суд, жавобгар Н.Худжаниязовани бошқа давлатда яшаб келганлиги, унинг яшаш манзили ҳақидаги маълумотни даъвогар Я.Худжаниязов орқали аниқлаш чорасини кўрмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормалари талабига асосланиб, тегишли суд топшириғи бериш билан даъвогар Я.Худжаниязовнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасига нисбатан жавобгар Н.Худжаниязованинг муносабатини аниқламасдан, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида барвақт ва нотўғри хулосага келганлиги, оқибатда, жавобгар Н.Худжаниязова ўзининг ҳуқуқ ва манфаатларига тегишли масалага оид суд муҳокамасида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлганлигини, шунингдек жавобгар Н.Худжаниязова 2024 йил март ойида Россия Федерациясидан қайтиб келиб, даъвогар Я.Худжаниязов билан биргаликда 2024 йил 20 апрелга қадар бир оила бўлиб яшаб, умумий рўзғор юритганлиги ўз тасдиғини топганлигини инобатга олиб, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг мазкур фуқаролик иши юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилди.
Жамиятда аёлларнинг камситилишига йўл қўядиган, асоссиз тенгсизлик натижасида ҳаётида қийинчиликлар келиб чиқаётган оилаларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол, албатта. Таъкидлаш жоизки, оилавий муносабабтларда, айниқса болалар тарбиясида она ҳам, ота ҳам бирдек масъулдир. Тўғри, ҳар қандай низо судда қонуний ечимини топади, албатта. Лекин бир оиланинг пароканда бўлиши келажакда етти ҳил низонинг келиб чиқишига сабаб бўлиб, энг аввало, болалар руҳиятига, тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Шундан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича судларда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг фикрию-зикри ҳамиша дарз кетиш арафасида турган оилаларни яраштиришга қаратилмоқда. Зотан, бу масала миллат маънавияти, жамият ривожи билан чамбарчас боғлиқдир.
Малоҳат Қаландарова, Хоразм вилоят судининг судья катта ёрдамчиси