s
Бугунги кунда жаҳонда одам савдоси жиноятидан жабр кўрганларнинг сони кун сайин тобора кўпайиб бораётганлиги шунингдек, бу каби ўта хавфли иллатнинг инсоният ҳаётига нечоғлик катта хавф солаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроқ савдосидан кейин, яъни учинчи ўринни эгаллаб турганлиги билан ўта хавфлидир. Бу эса барчамизни огоҳ ва сергак бўлишимизни тақозо этади. Ёш авлод вакиллари ушбу турдаги жиноий қилмишнинг қурбонига айланиб қолмасликлари учун жуда эҳтиёт бўлишлари, алдов, ҳавойи ваъдалар йўли билан таклиф қилинаётган пулларга алданмасликлари керак.
Жиноятга барҳам бериш, уни олдини олиш борасида ҳуқуқий норматив база шаклланган. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексида одам савдоси билан шуғулланиб юрган кимсаларга нисбатан қилмишига яраша жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу каби жиноятлар ҳудуд ва чегара танламайди. Шундай экан, ўта оғир жиноятлар қаторида турган одам савдосининг ҳар қандай кўринишини олдини олиш долзарб масаладир.
Кўпинча кимлар алданади? Ўз эли туриб бошқа юртлардан насиба қидириб кетаётганлар ушбу савдонинг сиртмоғига илинишлари мумкин. Тўғри, элдошларимиз орасида хорижга бориб ишлаб келишни ният қилаётган ёшлар учрайди. Улар турли ноқонуний йўллар билан эмас, балки шартномалар аслсида ишлагани кетсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Қолаверса, ўзимизда ҳам иш ўринлари яратилмоқда, тадбиркорлик қиламан деган ёшларга имкониятлар эшиги кенг очилган. Шундай экан, пухта ўйлаб қадам ташлаган ютқазмайди. Огоҳ ва ҳушёр бўлинг.
Ойбек МАҲМУДОВ, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси