s
USD: Rub: Eur:
2023-08-25 893

Коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари

Коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса бўлиб, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланади, шунингдек бу бойлик имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришида ифодаланади.

Коррупцияга қарши ер юзидаги барча давлатларда қаттиқ кураш олиб борилмоқда, ҳатто БМТ ҳам бу иллатни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, унга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда мунтазам равишда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигини ушбу иллатга қарши курашда муҳим қадам бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Мазкур қонундан кўзланган мақсад коррупцияга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Давлат органи ходими, бирор бир шахс томонидан уни коррупцион ҳуқуқбузарликни содир этишга даъват қилиш ҳолати, шунингдек бошқа ишчилар томонидан шу каби ҳолатларнинг амалга оширилиши бўйича унга ошкор бўлган маълумотларни ўз раҳбари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиши лозимлиги белгиланган. Мазкур мажбуриятларнинг бажарилмаслиги қонунчиликка мувофиқ тегишли равишда жазога тортилади.

Шунингдек коррупцион жиноят тўғрисида ошкор қилган шахс давлат ҳимояси остига олинади, бироқ ушбу қоида ёлғон маълумотларни тақдим этган шахсларга нисбатан қўлланмаслиги ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган. Ҳар қандай жиноятчилик, шу жумладан, коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилади, чунки у фуқароларда давлатга, қонунларга ишончсизлик, уларни ҳурмат қилмаслик руҳини пайдо қилади. Коррупциянинг энг хавфли томони шундаки, давлат хизматчиси ҳисобланувчи мансабдор шахс маълум ҳақ, яъни пора эвазига иккинчи томон – пора берувчининг қонунга зид бўлган талабини бажариши ёки унинг ғайриқонуний қилмишларидан кўз юмиши, бу эса давлат ва жамият манфаатларига зарар етказиши мумкин.

2017 йил 03 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сонли Қонуни билан кўплаб нормалар қонунчилигимизга киритилди. Жумладан коррупцияга расмий таъриф берилиб, унга мувофиқ коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.

Шунингдек мазкур Қонун билан “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига ҳам таъриф берилган бўлиб, унга мувофиқ манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият эканлиги белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш сингари вазифалар эканлиги назарда тутилган.

Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳисобланади. Шунингдек, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш масалалари билан бевосита идора, яъни коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолият юритмоқда. Коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантиришда нафақат давлат органлари, балки жамиятнинг ҳар бир бўғини биргаликда бўлиб, Ватан равнақи учун, аҳолининг яхши яшаши учун, одамларнинг келажакка ишончи ортиши учун жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашда ҳамжиҳат бўлишлари лозим.

 

Дилмурод Очилов, Урганч туманлараро маъмурий судининг раиси

 

Мавзуга оид