s
USD: Rub: Eur:
2023-11-02 222

Фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш – маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси

Мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.

Олий суднинг расмий веб-сайтида барча суд қарорлари доимий равишда эълон қилинмоқда, судлар ўз қарорларининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириб келмоқда, суд раислари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари билан брифинглар ўтказмоқда.

Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланади.

Бу борада маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобил бошқарув аппарати”ни яратиш асосий масалалардан биридир.

Шу жиҳатдан, Президентимизнинг 2021 йил 22 ноябрдаги
“2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Маъмурий юстиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида жорий йилнинг 29 январь куни қабул қилинган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Бош қомусимизнинг 55-моддасида “Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.”, деб белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши асосий қонунимизда мустаҳкамланган ушбу ҳуқуқларни самарали амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилаётир.

Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур.

Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади. Шу муносабат билан Президентимизнинг мазкур қарорида давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини
юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ҳақиқатдан ҳам, амалиётда юзага келаётган ҳолатлар таҳлили маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳуқуқи бузилган оддий фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган.

Шунингдек, фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Бунинг натижасида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётганининг гувоҳи бўлаётган эдик.

Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди. Масалан, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш назарда тутилди.

Шунинг баробарида, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилган ҳолда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.

Юқоридагиларга асосан ҳамда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида 26.04.2023 йилдаЎзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-833-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан суд тизимида “ягона дарча” принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар, қабул қилишга ва ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилишига, маъмурий суд ишларини юритиш “суднинг фаол иштироки” принципи асосида амалга оширилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилишига, суд ҳужжатлари маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилишига доир процессуал қоидалар белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини қонуний асосда юритилишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, энг муҳими, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.

 

Тимур Ибрагимов, Хоразм вилоят маъмурий

суди судьяси

 

Мавзуга оид