s
USD: Rub: Eur:
2025-09-18 227

Экологияга зарар етказганлик учун жавобгарлик: Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилиги

Бугун кунда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни  муҳофаза  қилиш,  табиий  ресурслардан  оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда  атроф-муҳитга  бўлган  муносабатларни  тартибга солишнинг фундаментал негизи мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу борада бир қатор муҳим қонунлар ҳамда юзлаб қонуности норматив ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилди, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Ўзбекистонда  атроф-муҳитни  муҳофаза  қилишнинг  халқаро принципларидан келиб  чиққан  ҳолда,  “Кучли  давлатдан —кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига асосланган демократик ислоҳотлар босқичма-босқич  амалга  оширилмоқда,  ижтимоий  ва  экологик муаммоларни  ҳал  қилиш  учун  зарур  чора-тадбирлар  кўрилмоқда. 

Экологик хуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифаси жамиятда  экологик  онг  ва  ҳуқуқий  маданиятни  юксалтириш, қонунийликни  мустаҳкамлаш,  ҳуқуқбузарликларнинг  содир  этилиши сабабларини  ва  уларга  имкон  бераётган  шарт-шароитларни  аниқлаш, ўрганиш  ва  бартараф  этиш  чора-тадбирларини  кўришдан  иборат.

Ўзбекистон МЖтКнинг VIII боби экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилайди. Ушбу бобда қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик назарда тутилган:

  1. Ер қонунчилигини бузиш (65-68-моддалар):
  2. Сув қонунчилигини бузиш (75-80-моддалар):
  3. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилигини бузиш (81-84-моддалар):
  4. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш қонунчилигини бузиш (90-92-моддалар):
  5. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш қонунчилигини бузиш (93-95-моддалар):
  6. Лойиҳаларни давлат экологик (санитария-экологик) экспертизасининг ижобий хулосасисиз рўёбга чиқариш (96-модда):

Шундан бир нечта ҳуқуқбузарликларни мисоллар тариқасида кўриб чиқсак.

Хусусан, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, объектлар қуриш пайтида унумдор қатламни олмаслик, ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига номувофиқ фойдаланиш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ҳосилдорлик пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш– МЖтКнинг 65-моддасига биноан жарима солишга сабаб бўлади.

Масалан, фермер хўжалиги раҳбари В. ўз ер участкасида шартномада белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ўрнига, ўрнига бошқа экинларни экса, у ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ оқилона фойдаланилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, юридик шахс Г.га саноат зонасида жойлашган ер участкаси ишлаб чиқариш фаолияти учун берилган, аммо у ерда турар жой биноларини қуриб, сотишни бошлади. Бу ердан қонунга хилоф равишда фойдаланиш бўлиб, Г.га нисбатан жарима қўлланилади.

Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, шунингдек сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузиш МЖтКнинг 72-моддаси 1-қисмига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш – МЖтКнинг 79-моддасига биноан жарима ёки маъмурий қамоққа олишга олиб келиши мумкин.

Автомобилдан чиқаётган зарарли газлар миқдори белгиланган меъёрдан юқори бўлса – МЖтКнинг 87-моддасига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 1-қисмига асосан ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хулоса  ўрнида  шуни  айтиш  лозимки,  бугунги кунда Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилишига қарши кураш қатъий олиб борилмоқда. Экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир шу сабабли улар экология қонунчилигига риоя қилиши, атроф-муҳитни асрашга масъулият билан ёндашиши лозим. Энг  аввало,  ўзимиз,  оила аъзоларимиз  ва  табиат  ва  жамият  олдидаги масълулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан  муносабатда бўлмаслик,  табиат  неъматлари  қадрига  етиб  яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.

Мавзуга оид