s
USD: Rub: Eur:
2022-11-30 434

ШОКОЛАД ИЧИГА ЯШИРИЛГАН ГИЁҲВАНДЛИК МОДДАСИ

 

Бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг
долзарб муаммолардан ҳисобланган гиёҳвандлик ортидан
келиб чиқадиган салбий оқибатлар бугунги кунда ҳеч кимга
сир эмас.
Бу борада қанча гапирилиб, амалий ишлар амалга
оширилган бўлишига қарамай, ушбу иллат билан боғлиқ
жиноятларнинг камаймаётгани, бу оғу чангалига илинганларнинг
ҳар қандай жирканч ишларга, жумладан ўғрилик, босқинчилик
ва талончиликка ҳам тайёрлиги бугунги жамиятимизнинг
энг оғриқли нуқталаридан биридир. Қанчалик зарарли иллат
эканлигини била туриб, бу оғунинг савдоси билан шуғулланаётган
кимсаларни эса фарзандларимиз келажаги, жамиятимиз ривожи,
Ватанимиз равнақи умуман қизиқтирмайди. Бугун суд залларида
айнан гиёҳвандлик олди-сотдиси билан шуғулланганлиги учун
жиноий жавобгарликка тортилаётганлар нафақат ўзлари, балки
жамиятимиз учун ҳам жуда хатарли жиноятчилардир. Жорий йил 5 апрель куни Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида ана шундай гиёҳвандликка оид жиноят
иши кўриб чиқилди. Судланган Д.Комилов ва унинг ҳимоячиси адвокат Г.Рузметованинг иштирокида жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2022 йил 31 январдаги ҳукмига кўра апелляция тартибида
келтирилган шикоят аризаси жиноят иши билан биргаликда кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати чиқарилган суд ҳукми бўйича жиноят ишини қайтадан кўриб
чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Д.Комилов 1981 йил 2 декабрь куни туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилалик, 2 нафар фарзанди бор, судланмаган, вақтинча ишсиз. Унга нисбатан
2021 йил 26 ноябрда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Суднинг ҳукмига кўра, Д.Комилов 8 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Жиноят тафсилотига кўра, Д.Комилов 2021 йил 19 сентябрь куни Россия Федерациясидан Урганч шаҳрига кетаётган таниши Б.Олимовга Урганч шаҳрида турмуш ўртоғи А.Абдуллаевага беришини айтиб, бир дона сумкани берган. Сумка ичида эса жами 214,56 грамм шоколад қоғозига ўралган кўп миқдордаги, таркибида никотин, метадон ва 5-фтор АЕБ бўлган гиёҳвандлик воситаси бўлган. Б.Олимов ушбу бир қарашда умуман шубҳа уйғотмайдиган “ширинлик”ларни Ўзбекистон Республикаси божхона назоратидан яшириб, Урганч шаҳар Халқаро аэропорти орқали контрабанда қилиш йўли билан Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтказган. Шунингдек, Д.Комилов турмуш ўртоғи А.Абдуллаева ва
бошқа шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, 2021 йил 4 октябрь куни фуқаро Ф.Маримовга жами вазни 19,8956 грамм кўп миқдордаги, таркибида никотин, метадон ва 5-фтор АЕБ бўлган гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 6 000 000 сўмга сотиб ўтказганлар. Бундан ташқари, Д.Комилов турмуш ўртоғи А.Абдуллаева билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, 2021 йил 4 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир жараёнида ўзининг яшаш уйи Хоразм вилояти ИИБ тезкор
ходимлари томонидан холислар иштирокида кўздан кечирилганида, яшаш хонадонида 20 бўлак полимер қоғозга ўралган, жами вазни 194,67 грамм кўп
миқдордаги таркибида никотин, метадон ва 5-фтор АЕБ бўлган
гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиб ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганликлари аниқланган. Шунча жиноятни содир этганига қарамай, Д.Комилов турли хил баҳоналар билан жиноятини яширишга уриниши жуда ачинарли. Суднинг ҳукмидан норози бўлган Д.Комилов ва
унинг ҳимоячиси апелляция тартибида келтирган шикоятида гўёки Ф.Маримовни ўзидан 700 АҚШ доллари миқдорида қарзи бўлганини иддао қилади. Яъни, унга Россия Федерациясидан кальянная табак маҳсулотини таниши Б.Олимов орқали жўнатган. Комиловнинг воқеага изоҳ бериши бўйича, Ф.Маримов 2021 йил 4 октябрда қўнғироқ қилиб, жами 6 000 000 сўм пул топгани, шу сабабли 3 бўлак кальянная брикс бериб туришни, қолган 1 000 000 сўмни кейин бериб, қолганини ҳам олиб кетишини айтган. Шу
сабабли турмуш ўртоғига айтиб, ўғли орқали буюртмадан 3 донани чиқариб юборгани, 6 000 000 сўмни қарзи эвазига олгани, гиёҳвандлик воситаси эканини билмаган. Тезкор тадбирдан сўнг мазкур модда аслида гиёҳвандлик моддаси эканлигини билгани, у ҳеч кимга гиёҳвандлик воситасини сотмагани, дастлабки тергов ва судда “Метадин” модданинг миқдори аниқланмаганлиги, унинг ҳаракатлари жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, жиноят ишининг унга оид қисмини тугатиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўрашган. Судлов ҳайъати, иш бўйича апелляция шикоятидаги важларни жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар билан биргалик да ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра шикоятни қаноатлантирмасдан, суд
ҳукминин г Д.Комиловга оид қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Гарчанд судланган Д.Комилов айбига иқрорлик билдирмаган бўлса-да, унинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликдаги айби
гувоҳларнинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатувлари ҳамда жиноят ишидаги бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тасдиқланган.
Биринчи босқич суди Д.Комилов томонидан содир этилган жиноят тафсилотларини тўғри аниқлаб, унинг айби исботланганлиги ҳақида асосли
хулосага келган. Чунки, иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга
қараганда, ушбу гиёҳванд модда шоколад қоғозига ўралган ҳолда,
шоколадлар орасига яширилиб, Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахсдан фойдаланган ҳолда ҳаво йўллари орқали контрабанда қилинган. Д.Комилов ушбу модда шоколадлар орасига
яширилганини била туриб, турмуш ўртоғи А.Абдуллаевага ушбу
моддаларни шоколадлар орасидан ажратиб олиб банкага солиб
қўйишни айтган. А.Абдуллаева ҳам шоколадлар орасига яширилган моддаларни барча шоколадларни очиб кўриб, ҳақиқий шоколадлар орасидан ажратиб олиб, банкага жойлаб, келгусида сотиб ўтказиш мақсадида яшириб қўйган. Судланган А.Абдуллаева дастлабки тергов органига берган тушунтиришида, 2021 йил 19 сентябрда турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб Б.Олимов деган одамдан жўнатма бериб юборганини, жўнатма ичида шоколад борлигини, унинг ичида 23 бўлак модда борлигини, уларни шоколад қоғозлари ичидан ажратиб банкага солиб қўйишни, Фаррух деган йигитнинг нарсаси эканини айтганини, 2021 йил 4 октябрь куни турмуш ўртоғи ўғли билан 3 бўлак моддани бериб юборишни айтганини, бироздан кейин ўғли 6 000 000 сўм олиб келганини билдирган. Апелляция инстанцияси судида М.Абдуллаевнинг аризасига асосан гиёҳвандлик воситаси билан қонунга хилоф равишда муомала қилаётган шахсларни аниқлаш бўйича тезкор тадбир ўтказилгани ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамда холислар иштирокида Д.Комиловнинг уйининг зинаси тагида яшириб қўйилган
банкага солинган 20 бўлак моддалар топилган. Биринчи босқич судида
сўралган гувоҳ А.Сабиров, РИНИАТМ Хоразм филиалида нарколог-шифокор эканини, 2021 йил 19 ноябрда Д.Комиловни амбулатор кўрикдан ўтказишганини, у метадон гиёҳвандлик воситасини бир-икки маротаба истеъмол қилганини айтганини, кимёвий экспертиза хулосасида унинг пешобидан опиат қолдиқлари топилгани кўрсатилганини, шу сабабли метадон гиёҳвандлик воситасини эпизодик қабул қилиши ҳақида хулоса беришганини, асосан хулоса беришда ўзининг сўзига эътибор беришларини, шу сўзларни айтмаган бўлса, далолатномада қайд қилинмаслигини билдириб
кўрсатув берган. Шунингдек, Ф.Маримов ҳимоячи адвокат иштирокида Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ бошлиғи номига берган тушунтиришида, Илҳом исмли таниши гиёҳвандлик воситаси сўрагач, Россия Федерациясидаги таниши Д.Комиловга “ватсап” орқали қўнғироқ қилиб, гиёҳвандлик воситаси сўраганини, у 6 000 000 сўм билан онкология шифохонаси чорраҳасига боришни айтганини, бориб қўнғироқ қилганида
ўғли олиб чиқиб беришини айтганини, 5 дақиқадан кейин битта
ёш бола 2 целлофан пакет олиб келганини, унга 6 000 000 сўм бериб юборганини билдирган (унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган). Худди шунингдек, 2021 йил 4 октябрь куни Д.Комилов ва А.Абдуллаеванинг яшаш уйидан
тезкор тадбир давомида фойдаланилган 2 900 000 сўм пуллар ва 20 бўлак вазни 194,67 грамм таркибида никотин, метадон ва 5-фтор АЕБ бўлган гиёҳвандлик воситаси расмийлаштириб олинган. Бундан ташқари, иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, Д.Комилов
томонидан содир қилинган жиноят жавобгарликка тортилиши
мумкин бўлмаган шахс, яъни Б.Олимовдан фойдаланиб содир
қилинган. Биринчи инстанция суди томонидан Д.Комиловга нисбатан
жазо чораси ва турини белгилашда, Ўзбекистон Республикаси
ЖКнинг 55-56-моддалари талабларига риоя қилиниб, Олий суд
Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят
учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қароридаги раҳбарий тушунтиришларга амал қилиниб, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар
инобатга олинган ҳолда адолатли жазо, яъни ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, у айбли деб топилган моддалар санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, қонуний ва асосли тўхтамга келинган. Суд ҳукмининг Д.Комиловга оид қисмини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас ва шунга кўра суд апелляция шикоятини қаноатлантирилмасдан қолдиришни лозим топди. Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларини ўстириш, тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилиш
қонун билан тақиқлангани ва жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жазо белгиланганига қарамай, юқоридаги шахслар каби заҳриқотилларни етиштириш ва уларнинг савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Суд ҳукмига кўра, қонунбузарлар тегишли жазоларини олишар, аммо уларнинг домига илиниб, заҳри қотилга ружу қўйган, ҳаёти вайрон бўлган инсонларнинг тақдири не кечади?! Бу дунёнинг сўроғидан қутилганлар у дунёда сўроқ саволга тутилишини ҳам унутмаслиги керак.

Даврон МУРАТОВ, Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Мавзуга оид