s
USD: Rub: Eur:
2024-02-14 882

Нострификация ва диплом тўғрисидаги маълумотларни маълумотлар базасига жойлаш тартиби!

                           

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармони ҳамда “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-447-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалари ташкилий тузилмалари  штат бирликлари мақбуллаштирилди. 

Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлар доирасида  ихчам, профессионал бошқарув тамойилларига асосланган ва самарадорликка йўналтирилган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўз ичига оладиган яхлит тизим шакллантирилди.

Давлат фуқаролик химати тўғрисидаги қонуннинг 27-моддасига кўра Давлат фуқаролик хизматига кириш танлов асосида номзодни давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилади.

Танловда эълон қилинган очиқ вакансияларга ариза ва хужжатлар юбориш  электрон тарзда амалга оширилади.Номзодлар тўғрисидаги шахсий маълумотлар аниқ ва тўғри шаккиланган бўлиши лозим.

Фуқароларимиздан соҳага оид кўп келиб тушаётган мурожаатлардан эътиборлиси уларнинг таълим олганлиги тўғрисидаги диплом маълумотларини электрон платформаларда кўринмаслигидир.

Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали vacancy. argos.uzда номзодлар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш учун ихчам ва қулай шароит яратилган. Номзодлар томонидан ўрта-махсус ва профессионал ҳамда олий таълим олганлиги тўғрисидаги диплом маълумотларини diplom.edu.uz маълумотлар базасига жойлаш ва уни тасдиқлаш бўйича қилинган  мурожаатлари ўрганиб, таҳлил қилинди.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) ваколатли давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатлар эгалари тайёргарлиги даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва  касбий ҳуқуқлар берилишидир.

Хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хузуридаги Билим ва малакаларни бахолаш агентлиги томонидан амалга оширилади.

2019  йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий давлатларда олий, умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиниши жорий қилинди. 

Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (my.gov.uz)  электрон ариза бериш орқали хорижий таълим муассасаларида таълим олганлик тўғрисидаги   ҳужжатларни нострификация қилиш  жараёни тез ва осон амалга оширилади. Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш тегишли комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб ўн беш иш куни муддатида амалга оширилади.

 Нострификация гувоҳномаси олингач, фуқаролар  олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги(71-234-46-83) ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг 1195 Call марказига ёки телеграмдаги  https://t.me/Bilimni_baholash_agentligi саҳифаси ёки [email protected] почта манзилига  мурожаат қилишлари лозим бўлади, бунда фуқаролар актуал маълумотларга эга бўлиш билан бир қаторда олий, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларини тугатганлиги тўғрисидаги диплом маълумотларини  diplom.edu.uz маълумотлар базасида мутахассислар кўмагида тасдиқлатиш имкониятига эга бўладилар.

 Агар номзоднинг диплом маълумотларини diplom.edu.uzда  жойлаш имконияти бўлмаганда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг [email protected]  почтасига ёки Хоразм вилоят худудий бошқармасига
мурожаат қилишлари лозим бўлади. Бунда номзод  юқорида кўрсатилган  почта манзилига диплом нусхаси, диплом иловаси ва фуқаролик паспорт нусхасини тақдим этади. Мутахассислар томонидан диплом маълумотлари ўрганиб чиқилади ва  ўн кун давомида номзоднинг почта манзилига жавоб берилади. Маълумот учун  Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий веб-сайти dtm.uz дан uzbmb.uz доменига ўтказилди.

 Қуйидаги ҳолларда ҳужжатларни тан олиш синовларсиз амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олганда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олганда;

мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олганда;

халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган муассасаларда таълим олганда.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлиги тўғрисидаги салбий хулоса қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

хорижий давлатларда профессионал маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан бир йилдан кам бўлса;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда кам академик ва (ёки) профессионал ҳуқуқлар берилган бўлса (масалан, ҳужжат эгаси олий ўқув юртларига, магистратура ёки докторантурага кириш, профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги);

маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса.

Сўнги пайтларда фуқаролар томонидан келиб тушётган мурожаатлар, таклиф ва ташаббусларни ўрганиб чиқар эканмиз, давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалда жорий қилиниши натижасида электрон хукумат ва рақамлаштиришда аҳолига ихчам ва қулай шароитлар яратилганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса электрон ва автоматлаштирилган тизим афзалликлари фуқароларимизнинг мурожаатларини тез ва осон ҳал қилишда, уларга иш излашларида, ишга  жойлашишда аниқ механизм  яратилганлигида кўринади.

 

         Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини

ривожлантириш агентлиги

          Хоразм вилояти филиали

   инспектори                                                                      Р.Атамуратов

Мавзуга оид