s
Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим мезонларидан бири — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қай даражада ишончли ҳимоя қилинаётганидир. Фуқаро ўз ҳуқуқи бузилганда судга мурожаат қилиши, суд эса унинг мурожаатини холис, адолатли ва оқилона муддатларда кўриб чиқиши жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу маънода Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд тизимини такомиллаштириш билан бирга инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
2026 йил 14 августда қабул қилинган ПФ-160-сонли Фармон билан тасдиқланган «Одил судлов — 2030» стратегияси ана шу ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатдир. Стратегиянинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қиладиган, халққа яқин, мустақил, адолатли, шаффоф ва замонавий суд тизимини барпо этиш. Бу мақсад суд фаолиятини фақат ташкилий жиҳатдан эмас, балки инсон манфаатлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришни назарда тутади.
Стратегияда суд тизимини ривожлантиришнинг олтита устувор йўналиши белгиланган. Улар «Халқчил суд», «Адолат қўрғони», «Кафолатланган адолат», «Адолат посбонлари», «Рақамли одил судлов» ва «Халқаро эътироф» тамойилларини қамраб олади. «Халқчил суд» ғояси судни аҳолига янада яқинлаштириш, фаолият шаффофлигини ошириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади. «Адолат қўрғони» судьялар мустақиллигини кучайтиришни, «Кафолатланган адолат» эса суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва сифатини таъминлашни кўзда тутади. Юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қўллаш эса стратегиянинг бошқа муҳим йўналишларидир.
Ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати — унда белгиланган мақсадларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари мавжудлигидир. 2026–2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида 160 та чора-тадбир белгиланган бўлиб, улар ислоҳотларнинг амалий механизмларини белгилайди. Шунингдек, 33 та асосий индикатор орқали стратегия натижадорлигини баҳолаш имконияти яратилади. Бу ёндашув ислоҳотларнинг самарасини фақат амалга оширилган ишлар сони билан эмас, балки судларга ишонч, қарорлар сифати, мурожаат қилиш қулайлиги ва инсон ҳуқуқларининг қай даражада таъминланаётгани билан баҳолаш имконини беради.
Стратегиядаги энг муҳим ташкилий янгиликлардан бири — 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий судлар йўналишида ҳудудлараро судларни ташкил этишдир. Ушбу судларга тафтиш тартибида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатининг берилиши суд қарорларини қайта баҳолашда холисликни кучайтиради. Айниқса, қуйи суд қарорларини қайта кўриб чиқишда «ўз қарорини ўзи кўриш» амалиётига чек қўйилиши муҳим. Янги тизим қарорларни қайта баҳолашда мустақиллик ва институционал холисликни таъминлашга хизмат қилади.
Ҳудудлараро судларнинг ташкил этилиши фуқароларнинг адолат излаб пойтахтга бориш заруратини ҳам камайтиради. Ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга судларни ҳудудларга яқинлаштириш аҳоли учун вақт ва маблағни тежайди. 2030 йилга қадар заруратдан келиб чиқиб, қарийб барча туман ва шаҳарларда фуқаролик судлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш режаси ҳам судни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан стратегиянинг жиноят процессида суд назоратини кучайтиришга қаратилган қоидалари алоҳида аҳамиятга эга. Шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чораларини қўллашда «асосли гумон» стандартининг жорий этилиши инсон эркинлигини асоссиз чеклашнинг олдини олишга қаратилган. Яъни шахснинг ҳуқуқларини чеклаш шунчаки тахмин ёки юзаки гумонларга эмас, балки етарли даражада асосланган далилларга таяниши лозим.
Тергов судьялари ваколатларининг кенгайтирилиши ҳам муҳим янгиликдир. Тергов органлари тақдим этган материаллар етарли бўлмаган ҳолларда судьянинг қўшимча ҳужжат ва далилларни талаб қилиш имконияти суд назоратини янада кучайтиради. Шу билан бирга, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, телефон сўзлашувларини эшитиш каби инсон ҳуқуқларини чекловчи махсус тадбирлар устидан суд назоратини кучайтириш фуқарони давлатнинг асоссиз аралашувидан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш ҳам стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланади. «Ягона дарча» тамойили асосида аҳоли ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш жараёни енгиллаштирилади. Агар ариза нотўғри судга берилган бўлса, уни шунчаки қайтариш ўрнига тегишли судга юбориш механизми жорий этилади. Даъво аризасидаги техник ёки шаклий камчиликлар туфайли мурожаатни қайтариш ўрнига, уларни суднинг фаол кўмаги билан бартараф этиш имконияти яратилади. Бу, айниқса, ҳуқуқий билим ва имкониятлари чекланган фуқаролар учун муҳимдир.
Рақамлаштириш жараёни ҳам суд тизимининг очиқлиги ва қулайлигини оширади. Электрон мурожаатлар, суд ҳужжатларидан фойдаланиш, суд қарорларини жамоатчиликка эълон қилиш, суд амалиётини бир хиллаштириш ва прецедентлар реестрини юритиш ҳуқуқий аниқликни кучайтиради. Иқтисодий низоларда проактив бошқарув стандартининг жорий этилиши эса тадбиркорларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашининг олдини олишга хизмат қилади. Бунда судья жараённи самарали ташкил этиб, низонинг тез ва сифатли ҳал этилишига кўмаклашади.
2028 йил 1 январдан суд маъмурчилиги институтининг жорий этилиши судьялар мустақиллигини кучайтиришга хизмат қилади. Судьянинг асосий вазифаси — одил судловни амалга ошириш. Шунинг учун бино таъмири, хўжалик ишлари, моддий-техник таъминот каби маъмурий вазифаларни алоҳида Суд маъмурияти зиммасига юклаш судьяларни ортиқча ташкилий юкламадан халос этади ва уларнинг асосий касбий фаолиятига эътибор қаратиш имконини беради.
Ислоҳотлар натижадорлигини баҳолаш учун «Одил судлов индекси»ни жорий этиш ҳам муҳим қадамдир. У орқали судлар фаолияти, фуқароларнинг судларга ишончи, қарорларнинг сифати ва қонунийлиги каби кўрсаткичлар аниқ мезонлар асосида баҳоланади. Бу тизим муаммоларни рақамлар орқали аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини белгилаш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, «Одил судлов — 2030» стратегияси суд тизимини оддий ташкилий жиҳатдан янгилашдан кўра кенгроқ мақсадни — инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолатли суд тизимини барпо этишни кўзда тутади. Ҳудудлараро судлар, «асосли гумон» стандарти, кучайтирилган суд назорати, «ягона дарча» тамойили, рақамлаштириш, суд маъмурчилиги ва «Одил судлов индекси» каби механизмлар бир мақсадга хизмат қилади: инсон учун очиқ, қулай, мустақил ва ишончли судни шакллантириш. Зеро, адолатли суд — фақат ҳуқуқ тизимининг бир бўғини эмас, балки жамиятда қонун устуворлиги, давлатга ишонч ва инсон қадрини таъминлайдиган энг муҳим институтлардан биридир.
Хоразм вилоят маъмурий суди судьяси
Чориев Дилшод Шавкатович