s
USD: Rub: Eur:
2023-06-23 228

МЕДИАТИВ КЕЛИШУВ – ТАРАФЛАРНИНГ ФОЁДАЛИ БИТИМИ

Медиация келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.  Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, медиация нафақат фуқаролик-ҳуқуқий, балки иқтисодий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда ҳам самарали ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 107-моддасига киритилган ўзгартиришдан кейин медиация тартиб-таомилини қўллаш амалиёти кенг йўлга қўйилди.

Судга келиб тушган даъво аризалар бўйича ишлар кўрилишида тарафлар ўртасида профессионал медиаторлар ёрдамида медиатив келишувларнинг тузилиши судда иштирок қилаётган иштирокчилар учун янгилик ва имкониятларни яратди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси “MEGA
SOFRA CLASTER” масъулияти чекланган жамияти манфаатида Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “VITA IMPEX” МЧЖдан 738,2 миллион сўм асосий қарз, 363 миллион сўм пеня
ундиришни сўраган. Иқтисодий процессуал кодексида тарафлар ўртасида
медиатив келишув тузилган бўлса, суд даъвони кўрмасдан қолдирилиши кўрсатилган.

Тарафлар томонидан профессионал медиаторнинг кўмагида медиатив келишув тузилган. Медиатив келишувда жавобгар даъвогарга 738,2 миллион сўм асосий қарзни тўлиқ қайтариб берган. Шу муносабат билан даъвогар тараф жавобгарга нисбатан даъво талабида ундириш сўралган 363 миллион сўм пенядан воз кечган. Шунга асосан, суд тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги сабабли, даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим деб топган.

Мамлакатимизда фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини ҳамда суд ишлари кўрилишида холисликни таъминлаш мақсадида медиация тартиб-таомилининг кенг йўлга қўйилиши айниқса, тадбиркорлик субъектлари
билан бўладиган иқтисодий низоларни адолатли ҳал этишда ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

 

Нилуфар ОЛЛАБЕРГАНОВА, Урганч туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Мавзуга оид