s
Бугун гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳ бўладилар.
Гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, унинг савдоси билан шуғилланган фуқароларга тайинланадиган жазо оммавий ахборот воситаларида қанчалик кўп ёритилишига қарамасдан ҳамон бу жиноятни содир этиш ҳолатлари учраб турибди.
Гиёҳвандлик воситасини сотиш яъни “ажал уруғи”ни ўз ҳамюртларига раво кўриш айблови билан 2022 йил 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди томонидан фуқаро И.Асамов (исми-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, қонуний ечим қабул қилинди.
И.Асамов 2022 йил 29 июнь куни соат 16:00 ларда, Ҳазорасп тумани, “Оталик” маҳалласида жойлашган ўзининг яшаш уйи олдида, назорат тартибида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш бўйича ўтказилган тадбирга жалб қилинган махсус харидор А.Обидовга икки бўлак целлофан бўлакчасига ўралган жами вазни 1,93 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасини 600 минг сўмга сотган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу жинояти учун И.Асамовга суд томонидан қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хамид Авезов, жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди раиси