s
Жамиятда баъзан шундай жиноятлар ҳам учраб турадики, қонун-қоидани яхши биладиган одам шу ини қилганига ишониш қийин бўлиб қолади. Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судида 1967 йилда Боғот туманида туғилган, оилали, маълумоти олий бўлган инсонлар ҳуқуқларини ҳиммоя қилувчи адвокат Рустам Нодиров(исм-шарифи шартли)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 25,168-моддаси 3-қисми “б,в” бандлари ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши кўриб чиқилди.
Судда аниқланишича Р.Нодиров ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Адвокатлик бюроси адвокати лавозимида ишлаб келиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ҳимояси остида бўлган У.Н.га нисбатан қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилаётган жиноят ишининг бир қисмини тугатишни ваъда қилиб, эвазига терговчига 10.000.000 сўмни бериши кераклигини айтиб, алдаб, уни мансабдор шахсга пора беришга қизиқтириб, хизмат хонасида У.Н.дан 10.000.000 сўмни фирибгарлик йўли қўлга киритиб, пора бериш жинояти содир қилишига далолатчилик қилган.
Бундан ташқари, судланувчи Р.Нодиров, такроран, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, жиноят ишини У.Н.га нисбатан бўлган бир қисмини ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига асосан тугатилган ҳолатини терговчи орқали электрон жиноий-ҳуқуқий статистика ахборот тизимига ҳисобга қўйдирмасликни ваъда қилиб, эвазига терговчига 1000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб, уни такроран мансабдор шахсга пора беришга қизиқтирган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг хатти-ҳаракатлари туфайли Р.Нодиров ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, 1.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга суиқасд қилиб, У.Н.ни пора бериш жинояти содир қилишига далолатчилик қилган.
Судланувчи Р.Нодиров жиноий ҳаракатларни содир этиш вақтидаги суҳбатидан ёзиб олинган овоз 8264 ва 8265-сонли экспертиза хулосаларига кўра Р.Нодировга тегишли эканлиги тасдиқланган.
Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, тарафларнинг кўрсатмаларини, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ҳукм қилди. Унга кўра Р.Нодиров ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 25,168-моддаси 3-қисми “б,в” бандлари ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Биламизки коррупцияга доир жиноятлар бугун энг хавфли иллатга айланган. Бу тоифадаги жиноятлар нафақат Давлат ва жамият тараққиётига тўсиқ бўлади, балки домига тортган инсонларнинг келажагини ҳам барбод қилади.
Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят суди судьяси.