s
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)нинг тўртинчи бўлими “Иқтисодий судларнинг суд ҳужжатларини қайта кўриш бўйича иш юритиш” деб номланиб, иқтисодий судларда апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ишларни кўришнинг процессуал-ҳуқуқий асосларини, шунингдек, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тартибини белгилайди. Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур бўлимда соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатларини қайта кўриш масалаларини тартибга солувчи алоҳида бир боб мавжуд эмас. Бу эса, ўз навбатида, ушбу тоифадаги ишларни юқори инстанцияларда кўриш тартибини аниқ белгилаш заруратини келтириб чиқаради.
Хусусан, ИПКнинг 2031-моддасига мувофиқ соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, 231-бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади. Соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатларини қайта кўриш масаласини муҳокама қилишдан аввал, юқорида зикр этилган ИПКнинг 203¹-моддасининг мазмунини тўғри англаш муҳимдир. Зеро, агар низони ҳал қилиш учун зарур бўлган муайян процессуал ҳаракатни тартибга солувчи аниқ норма кўрсатилган бўлса, айнан шу норманинг қоидалари қўлланилади. Агар бирор процессуал ҳаракатни амалга ошириш тартиби тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ иш кўрилади.
Шу билан биргаликда, ИПКнинг 2035-моддасининг иккинчи қисмига асосан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради. Ушбу модданинг мазмунидан кўриниб турибдики, нафақат соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишларни кўриб чиқиш жараёни, балки суд ҳужжатининг кучга кириши ҳамда унинг устидан апелляция шикояти (протести) беришнинг муддати ҳам қисқартирилгандир. Чунки ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқилган иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорининг кучга кириши ҳамда унинг устидан апелляция шикояти бериш ИПК 262-моддасининг биринчи моддасига кўра бир ой деб белгиланган (бундан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар мустасно).
Демак, ИПКнинг 2035-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланганидек, апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Бу қоиданинг мазмуни эса даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқилган ишларнинг мазмуни билан бир хил.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатларини апелляция тартибида кўриб чиқишнинг яна бир “соддалашган” жиҳати бундай ишларнинг апелляция тартибида қисқароқ муддатда кўриб чиқилишидир. Яъни ИПК
277-моддасининг иккинчи қисмига биноан суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади. Бу ҳам ўз навбатида соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишларнинг апелляция инстанциясида ҳам соддалаштирилган ҳолатда кўриб чиқилишини таъминлайди.
Шунингдек, ИПКнинг 16-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган қоидага асосан ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади. Бу қоида соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича чиқарилган суд ҳужжатини апелляция тартибида кўриб чиқилганда ҳам қўлланилади. Чунки, бундай турдаги ишларни апелляция тартибида кўриб чиқишда нечта судья қатнашишига доир норма мавжуд эмас. Шу сабабли, юқорида келтириб ўтилган ИПКнинг 2031-моддасининг қоидасига кўра иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, 231-бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
ИПКнинг мазмун-моҳиятига кўра соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишлар кассация инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилиши мумкин. Ушбу Кодекснинг 283-моддасига кўра тегишли туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича чиқарилган ва қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунда ИПК 37-бобининг тартиб-қоидалари қўлланилади ва соддалаштирилган иш юритиш тартиби билан боғлиқ принциплардан фойдаланилмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарорига мувофиқ, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, иш умумий тартибда кўрилади.
Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.И.Тешаев