s
USD: Rub: Eur:
2024-12-14 659

МУЛК ҲУҚУҚИ – ҚОМУСИМИЗ ҲИМОЯСИДА[ОКОЗ

 Ўзбекистон Республикасининг умумхалқ референдуми орқали маъқулланиб, қабул қилинган янги Бош қомусимиз мамлакат ҳаётининг барча жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган асосий ҳуқуқий ҳужжат сифатида  жамият  турмушидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Унинг ҳар бир бўлими, боби, моддаси жаҳоншумул аҳамиятга молик демократик қоидалар, тартиб-таомиллар билан бойитилгани эътиборга молик ҳолатдир.

Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қоида Конституциямизнинг биринчи моддасидаёқ мужассам ифодасини топди.

Мулкчилик ҳар  қандай давлат ва жамиятнинг ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган моддий  асосидир. Жамиятнинг бошқа институтлари усиз ривожлана олмайди. Ушбу ҳаётий омил Қомусимизнинг муҳим жиҳатини ташкил этаётгани тамомила мантиқий ҳол ҳисобланади. Чиндан ҳам шундай: мулкий илдизлари бақувват, иқтисодиёти барқарор мамлакатнинг турмуши тўкин, халқи фаровон, кучи-қудрати бисёр бўлади.                  

Республика Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги 2023 йил 14 мартда қабул қилган конституциявий қонуни лойиҳасининг 3-бўлим XII-боби “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” деб номланди.

Бош қомусимизнинг ушбу бобдан жой олган 65-моддасига кўра, халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилувчи Ўзбекистон иқтисодиёти негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Мазкур Конституциявий нормага мувофиқ, хусусий мулк дахлсиз ҳисобланиб, мулкдор ўзининг мол-мулкидан қонунда белгиланган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда албатта суднинг қонуний қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас, деб ҳисобланаяпти.

Бош қонуннинг 66-моддасига асосан, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги кераклиги белгиланмоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳужжатнинг 67-моддасига мувофиқ, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади. Бу эса, ўз навбатида келгусида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг ва қулай инвестициявий муҳитни таъминлашнинг муҳтаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда мамлакатимиз улкан тадбиркорлик ҳаракатининг ҳақ-ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кейинги йилларда янада кучайгани ва шиддаткор тус олгани, бу эса Конституциямизда қайд қилинган ҳуқуқий меёрларни ҳаётга янада чуқур  тадбиқ этиш гарови бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Халқ, давлат ва жамият манфаатларини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган бу каби изчил саъй-ҳаракатларни суд тизими фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишларнинг қарийиб 10 фоизини мулкий ҳимояга оид ишлар ташкил этади.

Шу ўринда аввалам бор қонун мулк эгасининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишини алоҳида таъкидлаш зарур.

Юқорида таъкидланганидек, янгиланган Конституциямиз иқтисодиётнинг муҳим ва мустаҳкам пойдевори ҳисобланган мулкий   бойликларни, мулк эгасининг ҳуқуқ ва эркинлиги, қонуний манфаатларини мамлакат тараққиёти, халқимиз турмуш тўкинлиги кафолати сифатида эътироф этади ва ишончли ҳуқуқий воситалар асосида қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади.

Хулоса ўрнида Ўзбекистонимиз жаҳон таниган, тан олган, халқи тўкин-сочин турмуш кечирадиган қудратли мамлакат мақомини янада мустаҳкам эгаллашида қабул қилинганига 32 йил тўлаётган юртимиз асосий қонунининг ўрни, роли ва аҳамияти беқиёс эканлигини мамнуният билан тилга оламиз. Имонимиз комилки, бундай мазмундаги Конституция мамлакатни тараққиётнинг янгидан-янги манзиллари сари дадил бошлайди, юрт фаровонлиги, тўкин-сочинлиги, тинчлиги, халқимизнинг осойишта турмушини таъминлашнинг энг катта ва асосий ҳуқуқий кафолоти бўлиб хизмат қилади.

  

 Жамоладдин Курязов, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

                                           

Мавзуга оид