s
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2024 йил 29 февралдаги “Олий суд Раёсати қарорлари билан тасдиқланган йўриқномаларни янги таҳририда қабул қилиш, айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги РС-08-24-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу раёсат қарорига кўра судларда иш юритишни тартибга солувчи бир қатор иловалар янгиланган ҳолатда тасдиқланди ва мувофиқлаштирилди.
Хусусан, “Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома янги таҳрирда тасдиқланиб, 2024 йил 1 апрелдан амалга киритилиши белгиланди.
Мазкур йўриқнома 38 та бобдан иборат бўлиб, унинг 31-боби “Ҳужжатларни сақлаш, уларни архивга топшириш ва амалий экспертизадан ўтказиш” ҳамда 32-боби “Суд архивида ишларни ташкил қилиш” каби суд архиви билан боғлиқ мавзулардан иборатдир.
Жумладан, суднинг архив мудири (архивариуси) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг архив ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган "Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида"ги Низоми, “Ўзархив” Агентлиги билан ҳамкорликда ҳамда Олий суд раисининг фармойиши, ҳудудий давлат архиви билан ҳамкорликда суд раисларининг буйруқлари, фармойишлари ва ушбу Йўриқномага асосан юритади.
Шунингдек, судларда архив иши суд раиси томонидан тасдиқланиб, давлат архиви ЭТК билан келишиладиган суднинг идоравий архиви ва эксперт комиссияси тўғрисидаги низомлар асосида ташкил қилинади.
Янги ишга қабул қилинган ва ишдан бўшаган (бошқа лавозимга ўтказилган) архив мудирлари (архивариуслари) ўртасидаги идоравий архив ҳужжатларини ва моддий қийматликларни қабул қилиш ва топшириш далолатномаси идоравий архив эксперт комиссияси якуний хулосасига асосан суд раиси томонидан тасдиқланади.
Ҳужжатларнинг доимий-амалий экспертизаси ҳужжатларнинг мазмун ва моҳиятларини аниқлаш, уларни сақлаш, сақлаш муддатини белгилаш мақсадида ўтказилади.
Эксперт комиссияси суд раисининг буйруғи билан 3–5 кишидан
кам бўлмаган тартибда тасдиқланади.
Судларнинг эксперт комиссияси давлат архивига топширилиши лозим бўлган йиғмажилдлар ва уларнинг далолатномасини, шунингдек, доимий ёки вақтинча (ўн йилдан юқори) сақланадиган йиғмажилд ва улар рўйхатини кўриб чиқиб, архив ташкилотлари тасдиғига бериш ҳақида қарор чиқаради.
Архив мудири (архивариус) суддаги эксперт-текширув комиссиясининг аъзоси ҳисобланади.
Архив ишларини архив мудири (архивариус) ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда ташкиллаштиради.
Архив мудири тамомланган иш ҳужжатларини китоб ёки рўйхат орқали, йиғмажилдларни ва бошқа китобларни эса далолатнома асосида архивга сақлаш учун қабул қилади.
Архивда сақланаётган ҳужжатларни вақтинча фойдаланишга бериш бўйича алоҳида китоб юритилади.
Суд архивига топшириладиган ишлар ва бошқа материалларга, улардаги мавжуд барча ҳужжатларнинг ҳар бир варақаси рақамланиб, тикилиб, рўйхатга олингач, судья ёрдамчисининг имзоси билан тасдиқланади.
Ишлар суд архивида йиллар асосида ишлар рақамлари тартиби бўйича сақланади.
Архив мудири (архивариус) архив паспортининг мавжудлиги ҳамда унга фонд ҳажми ва таркиби бўйича ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни киритиб бориши лозим. Шу билан бирга,у суд архивида ҳисоб ҳужжатлари юритилиши тўғрилигига (ҳужжатлар кирим китоби, архив фондлари рўйхати, архив фонди варақаси, архив рўйхати, архив фонди иши) масъулдир.
Архив мудири (архивариус) ҳар йили камида бир маротаба архивда сақланаётган архив ҳужжатларини сақлаш ва йўқ қилишга ажратади. Доимий сақланиши лозим бўлган суд архивида сақлаш муддати ўтган ҳужжатларни доимий сақлаш учун архив ташкилотларига топшириш ишларини амалга ошириш бўйича тегишли чораларни кўради.
Судларда электрон шакллантирилган ишларнинг суд архивида сақланиши ушбу бобда белгиланган тартибда асосида фақат ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Суд архивига бегона шахсларнинг кириши тақиқланади. Архив ҳужжатлари билан таништириш архив хонасидан ташқарида суд биносида амалга оширилади.
Судьялар ва суд аппарати ходимларининг суд архивига кириши фақатгина суд раисининг рухсатига асосан архив мудири (архивариус) билан биргаликда йўл қўйилади.
Архив мудири (архивариус) муайян сабаб билан ўз иш жойида бўлмаган тақдирда, бунга зарурат туғилган тақдирда, архив хонаси суд раиси ёки унинг ўринбосари ва эксперт комиссияси аъзолари томонидан очилади ҳамда зарурат тугагач, архив сақлов хонаси қулфланиб, муҳрланади ва бу ҳақида далолатнома тузилади.
Умуман олганда жиноят ишлари бўйича судларнинг архивида юқорида қайд қилинган қоидалар асосида иш юритилади.
Ислом Якубов, Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг архивариуси