s
Ҳар қандай демократик давлатнинг изчил тараққиёти бевосита унинг Конституциясида белгиланган норма ва принциплар мазмуни ҳамда уни бевосита таъминлаш ва ҳаётга татбиқ этилишига боғлиқ.
Конституция — давлатнинг Бош қонуни, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга соладиган бош ҳужжат.
Ўзбекистонда қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат — қонун, фармон, қарор ёки бошқа идоравий ҳужжатларнинг барчаси,
аввало, Конституцияга асосланади, унинг мазмун ва кўрсатмаларидан келиб чиқади. Бу эса ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ва талабидир.
Инсон шаъни ва қадрини янада юксалтириш давлат сиёсатининг бош тамойили сифатида белгиланган Ўзбекистондаги кўлами кенг, шиддати баланд, самараси юксак демократик янгиланишлар халқимиз манфаатларини собитлик билан таъминлаш, она ватанимиз нуфузини халқаро майдонда ҳам мустаҳкамлаш йўлида узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсатнинг ҳаётда натижадор эканига ҳар қандай киши амин бўлади.
Конституциямиз шиддат билан ўзгараётган замондан орқада қолиб кетмаслиги, тизимли ва кенг миқёсли янгиланишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиши, тинч ва осуда ҳаётимизнинг кафолати бўлиши учун ҳам конституциявий ислоҳотлар ўтказилди. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганди. Конституциявий ислоҳот натижасида Бош қонунимизнинг моддалари сони 128 тадан 155 тага, унинг нормалари миқдори эса 275 тадан 434 тага кўпайди, Конституция матни қарийб 65 фоиз янгиланди. Бу Бош қонунимизда халқимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ёрқин намоён қилди.
Янгиланган Конституция муқаддимасида миллий давлатчиликни такомиллаштиришнинг янги босқичида Ўзбекистон конституциявий тараққиётининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва
умуминсоний қадриятлар, давлат суверенитети принципларига содиқлик, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва
бирдамлик ғояларига садоқатни намоён қилиш, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш ўз аксини топди.
Ўзбекистон — республика бошқарув шаклидаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб белгиланди.
Конституциямизнинг 15-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Бош қонун мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. 16-моддада Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади.
Муҳим жиҳатлардан яна бири бу — инсон, жумладан, қонунни бузганларнинг ҳуқуқларини давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ўзбошимчаликларидан ҳимоя қилишнинг деярли барча замонавий
усулларини ўзида мужассам этган ишончли механизмлар мустаҳкамланишидир.
Конституцияга киритилган тузатишларга мувофиқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари, шу жумладан, “хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” умумэътироф этилган институтларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш орқали сезиларли кучайтирилди.
Конституция “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойилининг бош мезони Мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлидаги кенг қамровли янгиланишларнинг муҳим йўналиши ҳисобланган суд-ҳуқуқ тизимидаги стратегик ислоҳотлар самарасини таъминлашда янги таҳрирдаги Конституция норма ва принциплари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Президентининг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган йиғилишдаги “Асосий мақсадимиз
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир”, деган концептуал фикри мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мазмунини акс эттиради.
Бош мақсадимиз халқимизни суд ҳокимиятидан рози қилишдир.
Шунинг учун биз барчамиз халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берган бош ҳужжатимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг норма ва принципларини оғишмай рўёбга чиқаришга масъулмиз.
Хоразм вилоят судининг
малака ҳайъати котиби Р.Умаров