s
USD: Rub: Eur:
2026-02-25 378

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги

 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 67-моддасида, бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги, боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), Кодексда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.

Сўнгги йилларда «Янги Ўзбекистон»ни барпо этиш йўлида мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

         Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-829-сон Қонуни билан амалдаги қонун ҳужжатларига оилавий (маиший) зўравонлик, жисмоний зўравонлик, руҳий зўравонлик, иқтисодий зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, ҳақоратомуз шилқимлик каби тушунчалар киритилди.

         Шу қаторда амалдаги Кодекслар ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қатор Қарорларига ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

         Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МЖтК 592-модда билан тўлдирилиб, модданинг 2-қисмига кўра, хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки болани, шунингдек умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

         Ўтган йили болаларга нисбатан содир этилган зўравонликлар юзасидан
19 та жиноят ишлари қўзғатилди. Олий мажлис қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси йиғилишда Болалар омбудсманининг 2025 йилдаги бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Болалар омбудсмани маърузасига кўра, 2025-йилда болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят ишлари ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган. Бундан ташқари болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик юзасидан 23 та жиноят ва 28 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган. Боланинг моддий таъминоти юзасидан жами 403 млн. 745 минг сўмлик алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилган.             

         Бугунги кунда жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка бўлган  муросасизлик муҳитини яратиш, зўравонликдан жабрланган ҳамда ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.   

 

Жиноят ишлари бўйича

Хива туман суди тергов судьяси                                      Р. Бобажанов

Мавзуга оид