s
USD: Rub: Eur:
2025-12-26 675

Рақамлаштиришдан болалар хавфсизлиги йўлида фойдаланилади

Рақамлаштиришдан болалар хавфсизлиги йўлида фойдаланилади

Глобаллашув даврида болаларни ҳимоя қилиш тизимини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 декабрдаги “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-256-сон Фармонининг долзарб жиҳатларидан бири — болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этишдир. Бу «инсон омили» ва бюрократияни камайтириб, ёрдамга муҳтож болага тезкор етиб боришни таъминлайди.

2026 йил 1 апрелга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида махсус платформа яратилади. Бу тизим «112» ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинади. Эндиликда ҳар бир мурожаат, ҳар бир чақирув автоматик тарзда қайд этилади ва унинг ижроси юқори органлар томонидан реал вақт режимида кузатиб борилади.

Бу нима беради? Эндиликда зўравонлик содир этган ёки унга мойил шахслар ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида алмашилади. Ҳар бир мурожаат рақамли из қолдиради ва уни эътиборсиз қолдиришнинг иложи бўлмайди. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг ҳар бир босқичи юқори органлар томонидан кузатиб борилади. Бу тизим шаффофликни ва масъулларнинг шахсий жавобгарлигини таъминлайди.

Платформа орқали болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатларининг ягона статистикаси юритилади. Бу соҳадаги муаммоларни илмий таҳлил қилиш ва олдиндан прогноз қилиш имконини беради. Шунингдек, зўравонлик содир этган ёки унга мойил шахсларнинг маълумотлар базаси шакллантирилади. Бу чоралар нафақат жиноятни фош этишга, балки унинг олдини олишга — профилактикага хизмат қилади.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда замонавий технологиялардан фойдаланиш — бу келажакка қўйилган қадамдир. Президентимизнинг ушбу Фармони Ўзбекистонда бола хавфсизлигини таъминлашнинг энг илғор, рақамли ва тезкор тизимига асос солиши билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Тизмни рақамлаштириш ҳар бир болани давлатнинг доимий ва сергак назорати остига олади.

Шуҳрат Раззаков, Хоразм вилоят суди судьяси

 

Мавзуга оид