s
Фуқаролик судларига мурожаат қилишда ва иш якуни бўйича тўланадиган давлат божимиқдорини ҳисоблаш судьяларга катта маъсулият юклайди.
Чунки, давлат божи мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этади.
Биринчи инстанция судлари давлат божини белгилаш, ундириш ва уни қайтариш соҳасида хато-камчиликларга йўл қўйса, ушбу камчиликлар апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судлари томонидан бартараф қилинади.
Шу сабабли, фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидандавлат божини ундириш масалалари доимий равишда умумлаштириб борилади ҳамда тегишли судларга таклифлар берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлаш билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни, Фуқаролик процессуал кодексининг 13-боби, Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 14-сон Қарори билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасига мувофиқ давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов тушунилади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилар экан, қандай аризалар бўйича давлат божи тўланади деган савол бериши табий ҳолат ҳисобланади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича давлат божи қуйидагилардан ундирилиши белгиланган:
судларга бериладиган даъво аризаларидан, алоҳида тартибда юритиладиган ишларга доир аризалардан;
ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан;
ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан;
чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан;
ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини (шу жумладан, такрорий равишда бериладиган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини) берганлик учун.
Шунингдек, қуйидаги суд ҳужжатларига нисбатан келтирилган апелляция, кассация, тафтиш шикоятларидан:
ҳал қилув қарорлари устидан;
иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан;
ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ажримлар устидан;
ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажримлар устидан;
чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримлар устидан.
Судларга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори арз қилинган талабнинг мулкий ёки номулкий эканлигига боғлиқ бўлади ва Давлат божи ставкалари бўйича аниқланади.
Даъвогарнинг талаби мулкий хусусиятга эга бўлган ҳолларда давлат божи даъво баҳосининг 4 фоизидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Мулкий хусусиятга эга бўлган, бир неча мустақил талаблардан иборат даъво аризаларидан, умумий даъво суммасидан келиб чиққан ҳолда давлат божи ундирилади.
Бир неча мустақил талабларни ўз ичига олган, номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризаларидан ҳар бир талаб учун алоҳида давлат божи ундирилади.
Шунингдек, бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий характерга эга бўлган мустақил талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида, мулкий ва номулкий характердаги аризалар учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича ундирилади.
Даъво суммаси кўпайтирилганда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъво миқдорининг кўпайтирилганлиги инобатга олинган баҳосига мувофиқ ундирилади, даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилганда эса, давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди.
Жисмоний ва юридик шахслар судга мурожаат қилар экан, юқоридаги кўрсатилган ҳолатлар бўйича давлат божини барчасини бир йўла тўлаши шарт деган хулосага келмаслиги керак.
Чунки, ФПКнинг 133-моддаси талабига кўра, суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган давлат божи миқдорини тўлашни кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажаатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Мазкур масалани ҳал қилишда, суд давлат божини қиймати ёки бир йўла тўлашга қурби етмаслиги ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни(масалан, иш ҳақи(даромади), банкда маблағи мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулклар ҳақидаги маълумот, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва бошқа маълумотларни) текшириши лозим.
Қонуннинг 8-моддасида фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жами 43 та субъектлар рўйхати белгиланган.
Шу ўринда, судларда давлат божини ундиришнинг айрим ўзига хос хусусиятлари ҳақида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш лозим:
Қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз талабларини даъво берилганидан кейин улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги туфайли қўллаб-қувватламаган ҳолларда давлат божининг суммаси жавобгардан суд ажрими бўйича бюджетга ундирилади.
Мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги, мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги, мол-мулкдаги улушга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш тўғрисидаги, умумий мол-мулкдан улуш ажратиш ҳақидаги ва меросхўрларнинг ўзларига тегишли мол-мулк улушини талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво аризалари учун давлат божи ушбу мол-мулк ёки унинг улуши қийматидан келиб чиққан ҳолда тўланиши лозим.
Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб билдирилган талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.
Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда, ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтарилмайди. Даъво ундирувчи томонидан қарздорга нисбатан даъво ишини юритиш тартибида қўзғатилган тақдирда у тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади.
Шунинг билан бирга амалиётда давлат божи ундиришда айрим ҳолларда мунозарали ва ўз навбатида ечимини топиш зарур бўлган ҳолатлар мавжуд.
Хусусан, апелляция шикоятини беришда тўланиши лозим бўлган давлат божи ёки унинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 133-моддасига асосан биринчи инстанция судлари томонидан кечиктирилиб, иш апелляция инстанцияси судига юборилиши мумкин.
Шикоят беришда тўланиши лозим бўлган давлат божи кечиктирилган иш апелляция инстанциясида кўрилиши давомида шикоят берган тараф шикоятдан воз кечиши ёки даъвогар даъвони кўрмасдан қолдиришни сўраши мумкин.
Бундай ҳолларда апелляция шикоятида беришда кечиктирилган давлат божи ундирилиши ёки шикоят берилган пайтда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисида қонунчиликда аниқ нормалар белгилаш лозим.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 122-моддаси
9-бандига кўра, даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ариза берилган бўлса ариза кўрмасдан қолдирилади.
Шу кодекснинг 123-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, суднинг
122-моддаси 9-бандига асосан аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримига нисбатан шикоят берилмайди.
Бироқ, ариза ушбу асос билан кўрмасдан қолдирилганда қонун талабига мувофиқ иш юзасидан муайян тарафдан давлат божи ундирилиши мумкин.
ФПКнинг 142-моддасида суд харажатлари билан боғлиқ масалалар бўйича суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкинлиги белгиланган.
Шу сабабли, ФПКнинг 123-моддасини “Ушбу Кодекс
122-моддасида назарда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажримининг давлат божи ундиришга оид қисми устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин”лиги ҳақидаги тўртинчи қисм билан тўлдиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Атабек Маткаримов, Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари