s
“Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтирмоқда.
Жорий йилнинг 26 апрель куни қабул қилинган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуни ягона суд амалиётини таъминлаш ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиши билан аҳамиятлидир.
Қонунга асосан, судлар фаолиятига “ягона дарча” тамойили жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, фуқаро ва тадбиркорларнинг судлар ўртасида сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида Иқтисодий процессуал кодексига 311-модда киритилиб, унга кўра эндиликда даъво талаби иқтисодий судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда тақдим этилган тақдирда, иқтисодий суд уни қайтармасдан даъво аризаси (ариза)ни тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказади.
Мазкур кодекснинг 152-моддаси эса янги таҳрирда баён этилиб, иқтисодий судга тааллуқлилигига кўра маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича суддан даъво аризаси ёки иш материаллари келиб тушганда судья даъво аризада камчиликлар мавжудлиги ёки Кодекснинг
149-151-моддаларида кўрсатилган талабларга жавоб бермаслигини аниқласа, бундай ҳолда ҳам даъво аризаси ёки иш материаллари қайтарилмасдан, мавжуд камчиликларни 10 кун муддат ичида бартараф этиш юзасидан даъвогар ёки аризачини хабардор қилади.
Мазкур камчиликлар кўрсатилган муддатда бартараф этилмаган тақдирда суд томонидан даъво аризаси қайтарилиши мумкин бўлади.
Кодекснинг 154-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда суд фақатгина киритилган даъво талаби иқтисодий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмасагина уни қабул қилишни рад этади. Бошқа ҳолларда даъво аризани иш иқтисодий судга тааллуқли бўлмаса ҳам уни қабул қилишга мажбур ва у кейинчалик иқтисодий суд томонидан тегишли судга ўтказилади.
Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган бундай ислоҳотларнинг мақсади фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлашдан иборат.
Воҳид Қўшназаров, Хоразм вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси