s
2025 йил 11 апрель куни Хоразм вилояти, Хива туман суди жиноят ишлари бўйича жамоатчиликка очиқ суд мажлисини ўтказди. Суд раиси Д. Атамуратов раислигида бўлиб ўтган мажлисда давлат айбловчиси – Хива туман прокурорининг ёрдамчиси Ш. Матёқубов, судланувчи Ж. Солиев ва бошқа процесс иштирокчилари қатнашди. Суд мажлисида судланувчи Жамшид Солиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд томонидан аниқланган ҳолатларга кўра, Ж. Солиев 2023 йилда гиёҳвандлик воситаларини сақлагани учун суд ҳукми билан 3 йил озодликни чеклаш жазосига тортилган, аммо у жазони ўташ даврида яна жиноий фаолиятга қайтиб, 2025 йил январь ойида икки ҳолатда “героин” моддасини ўзи истеъмол қилиш мақсадида ноқонуний равишда сақлаган.
Биринчи ҳолат 2025 йил 8 январь куни унинг яшаш уйида содир бўлиб, шкаф тортмасидан 0,02 грамм героин ҳамда 1,6 грамм героин моддаси сақланган шприцлар аниқланган. Иккинчи ҳолат эса 2025 йил 31 январь куни юз берган бўлиб, у ўзининг куртка чўнтагида 0,004 грамм героин сақлаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.
Суд жараёнида Ж. Солиев ўз айбини тўлиқ тан олди ва қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, енгиллик сўради. Унинг кўрсатмалари гувоҳлар С. Қодиров ва Б. Раҳматовнинг баёнотлари, моддани олиш баённомалари ҳамда экспертиза хулосалари билан тасдиқланди.
Суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят кодексида назарда тутилган инсонпарварлик ва одиллик принципларига асосланиб, судланувчининг қилмишидан пушаймонлигини, оилавий аҳволи ва нафақада эканини ҳисобга олди. Шу билан бирга, у аввалги судланганлик пайтида янги жиноят содир этгани боис, унга умумий жазо тайинланди.
Суд қарорига мувофиқ:
Суд шунингдек, гиёҳвандлик воситалари сақланган героин моддасини йўқ қилиш, тадбир давомида олинган видеоязув дискларини эса иш материалларига қўшиш ҳақида қарор чиқарди.
Ушбу суд ҳукми мамлакатда гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши олиб борилаётган қатъий кураш, қонун устуворлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳим бир кўринишидир.
Д.Атамуратов, Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди раиси