s
Барчамизга маълумки, йўл ҳаракати хавфсизлиги жамият хавфсизлигининг муҳим таркибий қисмидир.
Ҳар бир ҳайдовчи транспорт воситасини бошқаришда нафақат ўз ҳаёти, балки йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаёти учун ҳам масъул ҳисобланади.
Афсуски, айрим ҳолларда фуқаролар спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобил бошқаришга уринишади. Мастлик ҳолати инсоннинг диққатини пасайтиради, масофани тўғри баҳолаш қобилиятини сусайтиради, қарор қабул қилиш тезлигини камайтиради ҳамда ҳайдовчининг ўз ҳаракатларини назорат қилишига салбий таъсир кўрсатади. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши, инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига жиддий зарар етиши мумкин.
Қонунчилигимизда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Бундай ҳуқуқбузарлик нафақат маъмурий жазо чораларига, балки жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасида ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши — транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, мазкур модданинг иккинчи қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ҳудди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2611-моддасида ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, шундай қилмиш ёхуд транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқарганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, маст ҳолда рулга ўтирган шахс фақат ўз ҳаётини эмас, балки атрофдаги бегуноҳ инсонларнинг тақдирини ҳам хавф остига қўяди. Бир лаҳзалик бепарволик ёки масъулиятсизлик бутун умрга татигулик фожиага сабаб бўлиши мумкин.
Ҳурматли фуқаролар!
Агар спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлсангиз, асло транспорт воситасини бошқарманг. Зарурат туғилганда жамоат транспортидан, такси хизматидан ёки яқинларингиз ёрдамидан фойдаланинг. Бу нафақат қонун талабига риоя қилиш, балки ўз ҳаётингиз ва бошқаларнинг ҳаётини асрашнинг энг тўғри йўлидир.
Йўлларда хавфсизлик ҳар биримиздан бошланади. Қоидаларга амал қилайлик, масъулиятли бўлайлик ва йўлларда ҳушёр ҳаракат қилайлик.
Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг тергов судьяси Аллабергонов Бунёдбек Аминбаевич