s
Ҳеч кимга сир эмас, аср вабоси бўлган гиёҳвандлик балоси ер юзи бўйлаб тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.
Жамият ривожлангани сари, оғуфрушлар томонидан гиёҳвандлик балосининг тарқатишнинг янги усуллари ва ушбу оғунинг янги-янги турларини кашф этишда давом этишмоқда. Айниқса, синтетик наркотикларнинг пайдо бўлиши ва инсон омилисиз интернет орқали тарқатиш усулларининг кенгайиши бу таҳдидни янада кучайтирмоқда.
Давлатимиз ҳам ушбу наркожиноятчиликка қарши курашиш сиёсатини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Мазкур ёмон иллатдан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилиб, ҳар йили “26 июнь куни”ни “Гиёҳвандликка қарши кураш куни” сифатида белгиланганлиги ҳам шу хусусда қилинаётган хайрли ишлардан саналади.
Ушбу иллатга қарши курашиш борасида қилинаётган ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, Президентимиз томонидан 2026 йил 11 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1151-сонли Қонунни имзоланиши - гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини англатибгина қолмай, бизни бундай иллатга қарши курашишда муросасиз муносабатда бўлишимиз лозимлигидан огоҳлантирмоқда десам муболаға қилмаган бўламан.
Ушбу қонун дунё миқёсида синтетик наркотиклар хавфи ортиб бораётгани, уларнинг инсон омилисиз Интернет орқали тарқатилиши ва яширин нарколабораториялар кўпаяётгани сабабли, миллат генофонди ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинди.
Қонун жамиятда гиёҳвандлик ва «аптека наркоманияси»га қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини тубдан кучайтиради.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам муҳим ўзгартиш киритилди. Эндиликда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун МЖтКнинг 187-1-моддасида жавобгарлик белгиланиб, унда
15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилди. Чунки аҳоли кўз ўнгида наркотик моддалар истеъмол қилиниши бошқаларга, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса ғайриижтимоий хулқ-атворнинг оммалашишига сабаб бўлади.
Таҳлиллар сўнгги йилларда наркожиноятлар бўйича такрорий ҳуқуқбузарликлар кўпайганини кўрсатмоқда. Айрим ҳолларда маҳкумлар жазо муддатининг ярмидан ҳам кам қисмини ўтаб, озодликка чиққан ва қисқа вақт ичида яна жиноят содир этган.
Маълумотларга кўра, сўнгги тўрт йил давомида наркожиноятларни такроран содир этган шахслар сони 125 фоизга ошган. Шу боис ЖКнинг
73-моддасида айрим ўта оғир наркожиноятлар учун муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланди. Шунингдек, наркотикларни кўп миқдорда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, мазкур қонун ҳуқуқ-тартибот органларига замон талабларига мос қурол бериш орқали ҳар бир оила ва ёшлар ҳаётини заҳарланишдан асрайди. Гиёҳвандликнинг оилалар бузилиши, ногирон гўдаклар туғилиши ва ёшлар умри хазон бўлишига олиб келадиган оқибатлари олди олинади. Кўчалар ва таълим масканлари бундай иллатдан хавфсиз ҳудудга айланади. Аҳоли саломатлиги, миллат генофонди ва ёшлар хавфли таъсирлардан ҳимоя қилинади.
Албатта, бунинг учун сизу биздан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосида ушбу қонун ўз ҳаётига дахлдор эканлиги туйғусини шакллантириш ва бу иллатга қарши биргаликда курашиш иммунитетини яратиш талаб этилади.
Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг тергов судьяси Аллабергонов Бунёдбек Аминбаевич