s
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида 1977 йилда туғилган, маълумоти олий, 2-гуруҳ ногирони, оилали, 3 нафар фарзанди бор, муқаддам судланган Б.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шунингдек, 1988 йилда туғилган, оилали, 2 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Ҳ.Ю. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан 10 йил, 25,273-моддаси 5-қисми билан 10 йил, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Суднинг ҳукмига кўра, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилувчи шахсларни аниқлаш мақсадида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, 2023 йил 11 май куни соат 18 ларда Б.А. бошқарувида бўлган оқ рангли “Нексия” русумли автомашина “Хива-Урганч” йўлининг Урганч тумани ҳудудидан ўтган қисмида яъни Урганч тумани, Ғайбу қишлоғи ҳудудидаги “Версал” тўйхонаси олдида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, Б.А. автомашина ўнг олд ўриндиғи чехолининг орқа чўнтагида бир бўлак сариқ рангли скотч билан ўралган сухарик клёнкаси ичида целлофан пакет парчасига ўралган жигар рангли, ўткир ҳидли, юмшоқ ҳолдаги вазни 49,65 грамм кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида сақлаб қўйгани аниқланган.
Ҳ.Ю. 2023 йил 11 май куни таниши Б.А. билан Қўшкўпир тумани “Иттифоқ” маҳалласи ҳудудида учрашиб, унга бир бўлак вазни 49,65 грамм кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 10.000.000 сўмга сотган. Шунингдек, Ҳ.Ю. такроран жиноят содир қилиш йўлига кириб, 2023 йил 20 май куни соат 00:10 ларда гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилувчи шахсларни аниқлаш мақсадида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Урганч шаҳри, Жайхун кўчасида йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган Ҳ.Ю. бошқарувида бўлган оқ рангли “Спарк” русумли автомашина кўздан кечирилганда, автомашина қўл тормози ёнида бир дона “BERETTO” ёзувли кўзойнак халтачаси ичида икки дона қора рангли целлофан пакетда икки дона шаффоф рангли целлофан пакет парчаларига алоҳида-алоҳида ўралган вазни 99,23 грамм кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб ўтказиш мақсадида олиб келаётгани аниқлангани сабабли, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра жиноят охирига етказилмасдан, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотиш жиноятини содир этишга суиқасд қилган.
Суднинг ҳукмидан норози бўлиб, судланувчи Б.А. ва иккала судланувчиларнинг ҳимоячилари Хоразм вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериб, енгилроқ жазо тайинлашни сўрашган.
Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган ишда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2023 йил 10 ноябрдаги ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган шикоятлар қаноатлантирмасдан қолдирилсин.
Даврон Муратов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси