s
Амалдаги қонунларга асосан оқлов ҳукмининг чиқарилиши шахсни реабилитация қилинишига асос бўлади.
Шахсни реабилитация этилган деб эътироф этиш билан унинг ҳуқуқларини тиклаш жараёни бошланади. Мазкур жараён ноқонуний жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳукм қилишнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган.
Жиноят ишлари юритувида аксарият ҳолларда шахсга мулкий зиён етказилади. Мулкий зиён шахсни қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида етказилиши мумкин.
Бундан ташқари, зарар мол-мулкни хатлаш, олиб қўйиш, тинтув ўтказиш, мол-мулкни давлат фойдасига ўтказиш, лавозимдан четлаштириш, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, хизмат бўйича чеклаш каби жиноий жазоларнинг оқибати бўлиши мумкин.
Реабилитация қилинган шахсга етказилган мулкий зиённи қоплашнинг асосий хусусияти шундан иборатки, у шахснинг реабилитация қилинишида мансабдор шахснинг айби мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Оқланган шахснинг зарарларни ундиришга бўлган ҳуқуқлари бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Жумладан, Фуқаролик кодексининг 991-моддасига мувофиқ, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш натижасида фуқарога етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади.
Реабилитация қилинган шахсга ундирилиши лозим бўлган мулкий зиён турлари ва уни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида белгиланган.
Шунингдек, реабилитация қилинган шахснинг маънавий зарар ундириш ҳуқуқи ҳам қонунда белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига асосан маънавий зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш, натижасида етказилган бўлса қопланади.
Маънавий зарар ундириш ҳақидаги талаблар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли қарорининг 13-бандида маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойнинг дахлсизлиги, катта қимматликка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳисобга олишлари лозимлиги қайд қилинган.
А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси