s
USD: Rub: Eur:
2026-04-17 159

Янги тартиб: Референдум бўйича низоларни ҳам суд ҳал қилади

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 142-моддасига мувофиқ, сайлов комиссиялари ҳамда референдум ўтказувчи комиссияларнинг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу тартиб сайлов жараёнларининг очиқлиги, қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур нормага кўра, бундай тоифадаги шикоятлар судлар томонидан қисқа ва аниқ белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши шарт, чунки сайлов жараёни вақт жиҳатидан чекланган ва тезкор қарорлар қабул қилишни талаб этади.

Мазкур моддага 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1117-сонли Қонуни билан муҳим ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, модда номи кенгайтирилиб, унда фақат сайлов комиссиялари эмас, балки референдум ўтказувчи комиссиялар ҳам қамраб олинди. Яъни аввал фақат сайлов комиссиялари ҳақида гап борган бўлса, эндиликда референдум комиссияларининг қарорлари ва ҳаракатлари ҳам суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилди.

Кодексга биноан, сайлов комиссиясининг ёки референдум комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилиши лозим. Бу норма фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суднинг тезкор фаолиятини таъминлашга қаратилган. Шу билан бирга, агар сайлов ёки референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса, бундай шикоятлар дарҳол, яъни кечиктирмасдан кўриб чиқилиши белгиланган. Бу эса сайлов жараёнининг ҳал қилувчи босқичларида юзага келиши мумкин бўлган қонунбузилишларни зудлик билан бартараф этиш имконини беради.

Шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ тарзда белгиланган. Суд бундай ишларни кўриб чиқишда аризачини, тегишли сайлов комиссияси ёки референдум комиссиясининг вакилини, шунингдек прокурорни чақириши шарт. Агар шикоят фақат аризачига эмас, балки бошқа шахсга ҳам дахлдор бўлса, ўша шахс ҳам суд мажлисига жалб этилади. Бу ҳолат ишни ҳар томонлама, холис ва адолатли кўриб чиқишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мазкур шахсларнинг суд мажлисига келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди, яъни суд уларнинг иштирокисиз ҳам қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

 

Ишни кўриб чиқиш натижасида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинади ва мазкур қарор чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ёки референдум комиссиясига, шунингдек аризачига топширилади. Бу тартиб суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш ва сайлов жараёнида кечикишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Умуман олганда, мазкур моддада назарда тутилган қоидалар сайлов ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва демократик жараёнларни мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Дилшод Чориев, Хоразм вилоят маъмурий суди судьяси

Мавзуга оид