s
USD: Rub: Eur:
2025-09-18 449

СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини амалдаги ифодаси сифатида,  2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Мазкур фармон суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида судлар учун тарихий хужжат бўлиб, 9 та бўлим, 25 та банддан иборат.

Фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари белгиланиб, 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди. Дастурда қуйидаги устувор вазифалар белгиланди. Яъни

  1. Тажриба тариқасида биринчи навбатда Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган «Рақамли суд» концепцияси асосида суд мажлиси залини ташкил этиш.
  2. «Рақамли суд» концепциясини босқичма-босқич барча судларда татбиқ этиш чораларини кўриш. Бунда судларнинг ахборот тизимлари негизида сунъий интеллект технологияларини яратиш бўйича чоралар кўриш.
  3. Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш.
  4. Суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини ишга тушириш.
  5. Фуқаролар, адвокатлар, амалиётчи юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини яратиш.
  6. «Менинг судга тааллуқлилигим» интерактив хизматини жорий этиш.
  7. «Тақиқланган каналлар» интерактив хизматини жорий этиш. Бунда Олий суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш.
  8. «Менинг суддаги ишим» интерактив хизматини жорий этиш. Бунда шахсга тегишли бўлган барча йўналишдаги суд ишлари билан танишиш имкониятини яратиш.
  9. «Суд ҳужжатларидан нусха олиш» интерактив хизматини жорий этиш.
  10. «Суд ҳужжатларидан нусха олиш» интерактив хизматини жорий этиш.
  11. Рақамли технологиялар вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларнинг «Prezident virtual qabulxonasi», «E-XAT», «edo.ijro.uz» ва «MyID» ахборот тизимларини судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш.
  12. Сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш.
  13. Фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини my.gov.uz портали орқали олиш имкониятини яратиш.
  14. Суднинг ахборот тизимида очилган «Шахсий кабинет» платформасининг фуқаролар ва адвокатлар учун янада қулай ҳамда фойдали бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш.
  15. Санкциялар ва мажбурлов чоралари бўйича судларга киритиладиган илтимосномаларни электрон шаклда юритиш мақсадида Олий суд ахборот тизимлари билан тергов органларининг ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш.
  16. Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланган барча жарималарни онлайн кузатиш, унинг тўлов муддатлари ҳақида огоҳлантириш ва тўловларни электрон амалга ошириш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш.
  17. Судда иштирок этувчи шахслардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд маълумотларни судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш.
  18. Суд мажлиси иштирокчилари суд жараёнларида ҳозир бўлганини тасдиқлаш жараёнини тўлиқ рақамли шаклга ўтказиш. Бунда суд мажлиси иштирокчилари суд таркибига ва судья томонидан бошқа тушунтиришларга розилигини бармоқ сканери ёрдамида тасдиқлаш имкониятини яратиш.
  19. Судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш.

Ушбу тасдиқланган устувор вазифалар келгусида судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиши билан бир қаторда фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, судларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, шаффофлик ва адолатли қарор қабул қилиш жараёнларини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп туман судининг

тергов судьяси                                        Ражабов Икром Эгамберганович

Мавзуга оид