s
Ҳозирги кунда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўп кўриладиган низолар дан бири бу меҳнат низоларидир.
Судлар томонидан ва бошқа хуқуқни муҳофаза қилув органлар томонидан меҳнат низолари ҳал қилишда амалдаги қонун талабларига риоя қилиш борасида корхона ва ташкилотларда бир қатор тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Шундай бўлсада, иш берувчилар томонидан қонун талабларига риоя қилмаслик, ходим билан туғилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
2022 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси янги тахрирда қабул қилинган. Шу муносабат билан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш ва меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларни тушунтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори хам қабул қилинган.
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ушбу Кодексга мувофиқ улар томонидан тузиладиган меҳнат шартномаси асосида юзага келади.
Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабат билан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган муносабатларни фарқлаш лозим.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилганда фуқаро ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришмайди, унинг тарафлари ходим ва иш берувчи эмас, балки ижрочи ва буюртмачи ҳисобланади, шунингдек, МКда назарда тутилган кафолатлар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада назарда тутилмайди, шу сабабли тарафларнинг муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) билан тартибга солинади.
Жисмоний шахс билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муносабатларни ҳақиқатдан тартибга солувчи фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномани тузиш ушбу муносабатларнинг суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилишига сабаб бўлади. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади, тарафларнинг муносабатлари эса шартномада шартлашилган ишни жисмоний шахс томонидан бажариш бошланган кундан эътиборан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилади.
Шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатлар тугатилган тақдирда, ушбу муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш суд томонидан амалга оширилади. Мазкур шартнома бўйича ижрочи бўлган жисмоний шахс ушбу муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш учун якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш учун назарда тутилган тартибда ва муддатларда судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
МКнинг 170-моддасига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кундир. Агар охирги иш куни дам олиш кунига ёхуд ишланмайдиган байрам ёки бошқа ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни охирги иш куни ҳисобланади.
Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра, унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаганлиги ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шарт.
Иш берувчи ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини почта орқали юбориш учун розилигини олмаган ҳолда почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборишга ҳақли (МКнинг 171-моддаси).
Ходимга у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг кўчирма нусхаси бошқа усулда, яъни электрон, интернет тармоғи ва шу каби алоқа воситалари орқали юборилиб, ходим ушбу хабарномани олганлиги ҳолати ҳам иш берувчи ушбу мажбуриятни бажарган деб ҳисоблашга асос бўлади.
Буйруқ нусхаси электрон тартибда юборилганлиги уни почта орқали юбориш мажбуриятидан озод этмайди.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъий назар, ишга тиклаш тўғрисидаги меҳнат низолари бевосита судда кўриб чиқилади.
Якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқиш ҳақидаги даъво билан судга ходим ёки касаба уюшмаси қўмитаси, давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари, иш берувчи, қонунчиликда белгиланган тартибда адлия органлари ва прокурор мурожаат қилишга ҳақли (МКнинг 559-моддаси).
МК 540-моддасининг учинчи қисми ҳамда «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг манфаатида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича даъво ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой муддатда берилади (МКнинг 560-моддаси).
МКнинг 560-моддасида белгиланган муддат касаба уюшмаси қўмитаси, давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари, адлия органлари ва прокурор ходимнинг манфаатини кўзлаб, тақдим қилган даъволарга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.
Даъвогарлар иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан давлат божини, ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича суд харажатларини тўлашдан озод қилинганлиги (Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни 8-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ва МКнинг 562-моддаси), меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини исботлаш вазифаси эса жавобгар (иш берувчи)нинг зиммасига юклатилганлиги сабабли (МКнинг 174-моддаси) ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаларини ФПК 189-моддаси биринчи қисмининг 6, 8-бандлари ва 195-моддаси биринчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асослар бўйича қайтаришга йўл қўйилмайди.
Меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганда ходим аввалги ишига тикланиши шарт.
Ходимни ишга тиклашда унга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти иш берувчига юкланади.
Судларнинг эътибори МК 174-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ходимга етказилган моддий зарарни қоплаш:
мажбурий прогул вақти учун сўзсиз ҳақ тўлаш. Бунда ходимнинг пулга оид талаблари тўлиқ миқдорда қаноатлантирилади (МКнинг 546-моддаси);
меҳнат шартномасини бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни (мутахассисларнинг маслаҳатлари, иш юритишга доир харажатлар ва бошқалар) тўлашдан иборат.
Маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан белгиланади, лекин ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходимнинг илтимосига кўра суд уни ишга тиклаш ўрнига уч ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча товон (мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи, маънавий зарар, меҳнат шартномасини бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлардан ташқари) ундириб бериши мумкин (МК 174-моддасининг еттинчи қисми).
Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги низоларни кўришда суд меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида жавобгар тарафида ишда иштирок этиш учун ўз ташаббуси билан жалб қилиши шарт (ФПКнинг 184-моддаси). Мансабдор шахсни бундай жалб этиш иш бўйича жавобгарнинг вакили сифатида баёнот бериш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Фойдаланилган адабиётлар:
-Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси;
-Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси;
-Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси;
-Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил
20 ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли
Фуқаролик ишлари бўйича
Урганч туманлараро судининг судьяси Д.Солаева