s
USD: Rub: Eur:
2023-11-03 418

Штат қисқариши натижасида ходимни ишдан бўшатишдан аввал унга бошқа иш таклиф қилиниши керак

Ходим иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатилганда ишдан бўшатиш асосланган бўлиши керак, Янги Меҳнат кодексида қуйидаги сабаблар бўлса ишдан бўшатиш асосли деб топилиши белгиланган:
 – корхона тугатилганлиги (таъсисчилар ёки ваколатли орган қарори асосида);
 – технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар ҳажмининг қисқариши оқибатида ходимлар сони ёки штат ўзгарганлиги;
 – ходим малакаси етарли бўлмаганлиги учун эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги;
 – ходим ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузганлиги; Меҳнат мажбуриятини мунтазам бузиш деганда ходим аввал интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёки қандайдир бошқа таъсир чора қўлланилгандан кейин 1 йилда яна такроран интизомий ножўя ҳаракат содир этиши тушунилади.
 – ходим меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузганлиги. Меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш ҳолатлари (масалан, ишга 1 соат кеч келиш, спиртли ичимликлар ичиб келиш, корхона мулкига қасддан зарар етказиш ва ҳ.з.) аниқ белгиланган бўлиши керак, мазкур ҳолатлар ички меҳнат тартиби қоидаларида, меҳнат шартномасида интизом тўғрисидаги уставлар ҳамда низомларда белгиланади. 
– Меҳнат кодексида ва бошқа қонунларда белгиланган бошқа сабаблар (асослар). 
Ходим штат қисқариши ёки малакаси етарли бўлмагани учун ишдан бўшатилаётганда, иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаганда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ҳар қандай ишни таклиф этиши шарт. Ходим таклиф этилган ишни рад этса, иш берувчида бошқа иш бўлмаса шундан сўнг ходим ишдан бўшатилади. Коллеж, техникум, касб-ҳунар мактаби битирувчилари ҳамда грантда ўқиган ОТМ битирувчилари ўқишни тугатганидан 3 йилда биринчи бор ишга кирганда уларни иш берувчи ташаббуси билан 3 йил ичида ишдан бўшатиш меҳнат органларини хабардор қилиш билан амалга оширилади.

Ҳазорасп туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи А. Матёкубов

Мавзуга оид