s
USD: Rub: Eur:
2024-03-28 525

Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳужжатларига нисбатан келтирилган шикоятларни кўриб чиқишнинг янги тартиби

Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон — янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан суд қарорларини қайта кўриш институтитакомиллаштирилди.

Суд қарорлари устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий қилинди. Шунингдек, суд ҳужжатларини кассация инстанциясида кўриш тартиби тубдан ўзгартирилди.

Эндиликда, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув:

биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича;

биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти ёки кассация протести бўйича;

биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан, шунингдек мазкур суд ҳужжатларини кўриб чиққан апелляция ёки кассация инстанцияси судининг, тегишли тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарори устидан берилган тафтиш шикояти ёки тафтиш протести бўйича қўзғатилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан кўрилган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди.

Бунда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Шунингдек, суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин.

 

Агар суд ҳужжатидан норози тараф қонунда белгиланган муддатда апелляция шикояти бера олмаса, унда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд.

Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Суд иши апелляция ёки кассация инстанциясида кўрилганидан сўнг яна норози бўлинган тақдирда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида тафтиш тартибидаги шикоят (протест) берилиши мумкин.

Мазкур ҳолларда иш вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида кўриб чиқилади.

Апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарори қабул қилинганидан кейин дарҳол кучга киради.

Биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, қарори, ажрими ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, юқори судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланди.

Ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, суд ҳужжатларини юқори инстанцияларда қайта кўришнинг янги тартиби жорий қилиниши судларда ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, энг муҳими фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайиб боришига хизмат қилади.

 

Интизор Абдримова, Хоразм вилоят судининг иш юритувчиси                                                   

 

Мавзуга оид