s
USD: Rub: Eur:
2023-09-29 928

ХОДИМНИНГ "ДЕКРЕТ"ДАЛИГИ ЁКИ ВАҚТИНЧА МЕҲНАТДА ҚОБИЛЯТСИЗЛИК ДАВРИ ҲАР ЙИЛГИ МЕҲНАТ ТАЪТИЛИНИ ОЛИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРАДИГАН ИШ СТАЖИГА КИРАДИ.

Меҳнат кодексининг 226-моддасига асосан Ҳар йилги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига қуйидагилар киради:

  • иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;
  • ходим ҳақиқатда ишламаган, лекин меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ унинг иш ўрни (лавозими) сақланган вақт, шу жумладан ҳар йилги меҳнат таътили вақти, дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа даврлари;
  • меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганда, ходим бошқа ишга ўтказилганда ёки у ишдан четлаштирилганда ва келгусида ходим аввалги ишига тикланганда мажбурий прогул вақти;
  • агар тиббий кўрикдан ўтмаслик ёки меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида билим ва кўникмалар текширувидан ўтмаслик ходимнинг айбисиз юз берган бўлса, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ўтмаган ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаган ходим ишдан четлаштирилган давр;
  • агар хизмат текшируви натижаларига кўра, меҳнат мажбуриятларининг бузилишидаги ходимнинг айби тасдиқланмаса ёхуд меҳнат мажбуриятларини бузиш фактининг ўзи тасдиқланмаса, ушбу хизмат текширувини ўтказиш вақтида ходим ишдан четлаштирилган давр;
  • ходимнинг илтимосига кўра бериладиган, иш йили давомида икки ҳафтадан ошмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа вақт даврлари.

Яъни юқоридаги асосда кўриниб турибдики, ходимнинг "декрет"далиги ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври  ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киради.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки,  ҳар йилги асосий меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи жумласига қуйидагилар киритилмайди:

  • ходим узрли сабабларсиз ишда бўлмаган вақт;
  • ходим ишдан четлаштирилган даврлар;
  • болани парваришлаш учун бериладиган таътиллар вақти.

Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги, шунингдек ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилларини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига фақат мазкур шароитларда ҳақиқатда ишлаб берилган вақт киритилади.

 

Гурлан тумани юридик хизмат кўрсатиш
маркази бош юрисконсульти                                                                      Шохрух Пўлатов

Мавзуга оид